Янги Ўзбекистон-янги қўшничилик

Афғонистон – Ўзбекистонга энг яқин, чегарадош давлат. Мамлакатларимиз халқларини нафақат яқин чегара, балки муштарак тарих ва дин, адабий мерос ва ўхшаш анъаналар бирлаштиради. Ўрта асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда етишиб чиққан буюк алломалар жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Қолаверса, Афғонистоннинг Ҳирот шаҳри буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий туғилиб вояга етган ва дафн этилган макон. Кобулда эса яна бир темурийзода, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур дафн этилган. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.

Афғонистон бир пайтлар бошқа мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиёдаги қўшнилари сингари тинч ва осуда юрт эди. Ташқи сиёсат бобида бетарафлик, турли ҳарбий блокларга қўшилмаслик сиёсатига оғишмай амал қиларди. Ер ости бойликлари ҳам оз эмас. Ўтган асрнинг 70-йилларигача ажойиб табиий бойлик, ноёб маҳаллий саноат енгил саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан баҳоли қудрат кун кечирарди. Турли миллат ва элат вакиллари ягона осмон остида аҳилликда яшаб келарди.

Ўтган асрнинг 70-йиллари охиридан бошлаб бу мамлакат урушлар ичида ҳаёт кечирмоқда, қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди. БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари тарқатган маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида 5 миллиондан ортиқ афғонлар мамлакатдаги беқарорлик, қарама-қаршилик, ишсизлик туфайли ўз ватанини тарк этиб, мухожиратга юз тутди. Ўз ватани тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин бўлган кўплаб зиёлилар мамлакатдан бош олиб кетди. Бугун афғонлар дунёда энг кўп тарқалган диаспора саналади…

Агар ташқи кучлар, айниқса, дунё сиёсатида етакчиликка даъвогар, ўз геосиёсий манфаатларини бошқалардан устун қўйган давлатлар Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаганда эди, бу диёр илгаригидек тинч-осуда ҳаёт кечирарди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов журналистлар билан суҳбатда қайд этганидек, “ҳақиқатан ҳам, афғон можароси аввалдан икки дунё тизимлари ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршиликнинг самараси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти «уруш олови» афғон халқига ташқаридан олиб кирилганини ва уруш бу халқнинг танлови эмаслигини» очиқдан-очиқ айтди. Ҳозирга қадар йирик куч марказлари ўз манфаатлари йўлида Афғонистонда тўқнаш келмоқдалар. Можарога янги иштирокчиларнинг доимий равишда жалб этилиши афғон низосининг мисли кўрилмаган даражада чуқурлашишига келди”. Афсуски, Афғонистондаги беқарорлик нафақат Ўзбекистон ва минтақа, балки бутун дунёга хавф солаётгани айни ҳақиқат.

Мен журналист сифатида бу мамлакатга тўрт марта ижодий сафар қилганман. Афғонистонликлар ўзбекистонликларни алоҳида эҳтиром билан кутиб олади, бизнинг мустақил бўлиб, ривожланиш йўлида қўлга киритаётган ютуқларимизга ҳавас билан қарашади. Жафокаш афғон халқи биздек тинч-осуда яшашни орзу қилади. Ўзбекларда “қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Афғон халқида бу мақол шу маънода маълум. Сафарлар асносида афғонлар биз билан суҳбатда йирик-йирик давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар Афғонистон муаммосини муҳокама қилаётганда ва ҳал этиш йўлини излаётганда афғон халқининг сиёсий иродасини, турли этник ва сиёсий-диний гуруҳларнинг қарашларини инобатга олишлари зарурлигини айтишади.

– Бизга, деганди шибирғонлик Оқо Муҳаммад, энди қурол-яроғ эмас, қалам, дафтар ва китоб керак!

Ҳақ гап! Барча жамиятларда “Жаҳолатга қарши маърифат” турганида, ҳар қандай мушкулотни ҳал этиш мумкин эди. Аммо афсуски, Афғонистон шароитида ундай бўлмади.

Ўзбекистон бу қўшни диёрга иқтисодий жиҳатдан беғараз ёрдам беришдан ташқари, унинг муаммосини тинч сиёсий йўл билан ҳал этиш борасида кўп маротаба ташаббус кўрсатиб келган. “6+2” мулоқот гуруҳи йиғилишлари Тошкент шаҳрида ўтказилганидан хабаримиз бор. 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги тинчлик конференцияси ўтказилди ва унинг якунида “Тошкент декларацияси” қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан икки йил олдин, (2019 йил, ноябрь) Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида  “Афғонистон минтақамизнинг узвий бир қисмидир. Ушбу мамлакатга тинчлик ва тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйиши учун ёрдам бериш барчамизнинг  умумий манфаатларимизга тўлиқ мос келади” деб таъкидлаган эди.

Ҳа, Ўзбекистон афғон халқига ҳамиша хайрхоҳ бўлиб, ёрдам бериб келмоқда. Бизнинг Афғонистон билан умумий чегарамиз бор. Биз кўп асрлик муштарак тарихга эгамиз, халқларимиз тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “минг йиллар давомида Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ягона маданий-тамаддун маконида ривож топганлар”. Шу сабабдан, биз, албатта, Афғонистонда ҳаёт нормал оқимга киришидан, иқтисодиёти  тикланишидан манфаатдормиз.

Сўнги 3-4 йил мобайнида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транспорт-логистика, энергетика, савдо, маданият, таълим соҳаларида икки томонлама алоқаларини ривожлантириш йўлида дадил қадамдар ташланди ва  ижобий натижалар ҳам қўлга киритилди. Бундан бир неча йил олдин эса, Ўзбекистон Афғонистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳани амалга оширди, яъни “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлининг 75 километрини қуриб берди. Ўзбекистон, шунингдек, бу мамлакатда электр узатиш тармоғи ва автомобиль йўллари, кўприклар барпо этишда яқиндан ёрдам берди. Термизда Афғонистон ёшларини ўқитиш маркази, янги божхона терминали, логистика маркази  очилди. “Мозори Шариф – Ҳирот” темир йўли лойиҳасини амалга ошириш режаси ҳам бор. Президентимиз “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли лойиҳасини “Аср лойиҳаси” деб таърифлаган эди. Афғонистон билан товар айирбошлаш ҳажмини яқин орада 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон сўнгги уч йилда минтақадаги интеграция жараёнлари, ҳамкорлик ва дўстона муҳитни яратишда ҳақиқий драйвер эканини исботлади. Барча эзгу режаларни амалга ошириш мумкин, агар, Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилса…

Ўзбекистон афғон халқига ҳамиша инсонпарварлик ёрдамини етказиб келган. Бир ой олдин бу мамлакатда коронавирус эпидемиясидан азоб чекаётганларга Ўзбекистон минг дона кислород баллонлари юборди. Ўтган йили ҳам мамлакатимиз раҳбари номидан эзгулик поезди билан коронавирусга қарши курашда зарур бўлган тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, касалликни аниқлашга ёрдам берадиган тепловизор, пирометрлар, шунингдек, кийим-кечак, ун, ёғ, гуруч ва бошқа маҳсулотлардан иборат  инсонпарварлик юки Мозори Шарифга жўнатилди.

Бир нарсани унутмаслик керакки, Афғонистон ҳам Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакат. У ерда пашту, тожик, туркман, ҳазора, балуж ва бошқа халқлар билан бирга кўп миллионли ўзбеклар яшайди. Улар ҳам Афғонистонда кечаётган сиёсий-ҳарбий жараёнлар тинч йўл билан ҳал этилишидан манфаатдор. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқ. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида  ўтказиладиган халқаро конференцияда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масаласи энг долзарб масала сифатида муҳокама қилиниши айни ҳақиқатдир.

 

Шоқаҳҳор Салимов,

сиёсий шарҳловчи

(ЎзА)