Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Превентив дипломатия маркази ташаббуси билан Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирларининг виртуал форматдаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашувда Марказий Осиё ва Афғонистон  ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро терроризм таҳдидларига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиё давлатлари томонидан ушбу йўналишда амалий саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, Афғонистоннинг минтақавий интеграция жараёнларига кенг жалб қилиниши мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик қарор топишига ёрдам беради.

Видеоконференцияда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ҳамда сиёсий жараёнларни ривожлантиришда афғон халқининг етакчилик роли тамойилини ҳурмат қилиш бўйича минтақавий вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциянинг аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилди.

Минтақа давлатлари кўмаги билан Афғонистон ҳудудида энергетика, транспорт-коммуникация соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув давомида Афғонистонга кўмаклашиш, жумладан, пандемия даврида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишнинг устувор йўналишлари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА