Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг бугун, 5 июль куни бўлиб ўтган анъанавий брифинггида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ёшлар куни тадбирлари тафсилотларига ҳам тўхталди.
– 30 июнь мамлакатимиздаги катта байрамлардан бири – Ёшлар куни. Айниқса, жорий йилги Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида бу байрамнинг аҳамияти икки карра ошди, дейиш мумкин.
Шу боисдан ҳам, 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумига Президентимиз шахсан ташриф буюрдилар.
Давлатимиз раҳбарининг ёшларга эътиборини шундан ҳам билса бўладики, Ботаника боғида ташкил этилган ҳар бир кўргазма ёнида тўхтаб, ўқувчи ва талабалар билан вақтларини аямасдан суҳбатлашдилар. Бундай самимиятни кўриб, ёшлар ҳам ўз фикрларини, ғояларини бемалол айтди. Президентимиз уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича шу ернинг ўзида раҳбарларга топшириқлар берди.
Тантанали маросимда давлатимиз раҳбари барча ёшларни байрам билан табриклаб, маъруза қилдилар. Бу, айтиш мумкинки, ёшлар масаласи бўйича энг долзарб вазифалар кўрсатилган концептуал маъруза бўлди. Унда ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича еттита, таълимни ривожлантириш бўйича учта, одоб-ахлоқ, маданият ва спорт масалалари бўйича бешта муҳим йўналиш белгилаб берилди.
Энди бу улкан вазифалар бўйича янги дастур ва қарорлар қабул қилинади, – деди Шерзод Асадов.
ЎзА