Тармоқдаги мавжуд қувватлар аёллар пойабзалига талабни – 36 фоиз, болалар пойабзалига – 70 фоиз, сунъий чармга – 13 фоиз, чарм-атторлик маҳсулотларига – 75 фоизга таъминлайди, холос.
Президентимиз мутасаддиларга бир ойда Андижон, Шаҳрихон, Жиззах, Наманган, Марғилон, Қўқон, Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарлари, Ургут ва Самарқанд туманларида чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича кичик саноат зоналарини ташкил қилиш юзасидан топшириқ берди.
Ушбу ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча 50 миллион доллар кредит линияси ажратилади.
Худди шу каби, йил якунига қадар электротехника ишлаб чиқариш ҳажмини 15 триллион сўмга етказиш, бунинг учун умумий қиймати 140 миллион долларлик 45 та лойиҳани ишга тушириш бўйича вазифалар қўйилди.
Шунингдек, Фармацевтика агентлиги вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда умумий қиймати 146 миллион долларлик 36 та лойиҳани ишга тушириши шарт ва зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Тошкент вилоятида – 7 та, Наманганда – 6 та, Андижон ва Самарқандда – 4 тадан, Тошкент шаҳри ва Сирдарёда – 3 тадан, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Фарғонада – 2 тадан, Қашқадарё, Навоий ва Сурхондарёда – 1 тадан лойиҳа ишга туширилиши керак.
ЎзА