Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Зангиота туманидаги “Highway Logistics” марказида ташкил қилинган божхона бўлими, мавжуд техникалар, транспорт қатнови ва маҳсулотларни ортиш ҳамда етказиш тизими билан танишиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлашда замонавий технологияларни қўллаш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Бу каби логистика марказларини ҳар бир вилоятда ташкил қилиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Тошкент вилоятининг экспорт салоҳиятини ошириш, 2018-2019 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш, чорвачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш дастурлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Президент лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича мутассаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда.
ЎзА