Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Муҳокама қилинган қонун билан юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва ўн бир – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариш, сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлиги белгиланмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахсларни, шунингдек, ўн беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш механизмлари яратилади.

Таъкидлаш жоизки, фуқароликни тан олиш институти мутлақо янги институт бўлиб, МДҲга аъзо давлатларнинг қонунчилигида назарда тутилмаган, бир сўз билан айтадиган бўлсак, мамлакатимиз ҳудудида ўн беш йил давомида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш, қонуний асосларга мувофиқ, тўғридан-тўғри фуқароликка олишнинг ҳуқуқий асослари яратилади ва ўн беш йил доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини умумий тартибда қабул қилиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш зарурияти қолмайди.

Шунингдек, йиғилишда Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш тизимини такомиллаштириб, амалиётга тўлиқ жорий этишни йўлга қўйиш, давлат хизматлари порталининг мобиль иловасини ривожлантириб, жисмоний ва юридик шахсларга қулай ва тез давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, идоралараро интеграция даражасини ошириш, қоғоз шаклидаги архив ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириб, ахборот технологиялари тизимини янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати ва бу билан боғлиқ жараённинг шаффофлигини кучайтириш мақсадида Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари тегишинча халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига мунтазам равишда ахборот бериб бориш амалиётини тизимли йўлга қўйиш кераклиги айтилди.

 

Н.Насриев, ЎзА