Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланиб ташкил этилган хайрия веломарафон юртимизнинг энг гўзал ва сўлим гўшаларидан бири бўлган Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида старт олди.

Маълумки, Орол денгизининг қуриши нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун сайёрамизга хавф солаётган глобал экологик муаммолардан бирига айланган. Шу сабабдан ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур хавфнинг салбий оқибатларини камайтириш, ушбу муаммога жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қаратиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилмоқда. Қолаверса, қуриб қолган денгиз ҳудудида бутазор ва дарахтзорлар барпо этиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида, денгизнинг қуриган тубида саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимликлардан иборат бутазорлар барпо этилиши, ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон экологик партияси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилаётган Экологик хайрия веломарафонини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда велоспортни оммалаштириш, Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини долзарб экологик муаммолар ечимини топишга қаратилган.

– Мазкур экологик тадбирдан мақсад Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, экологик ҳолатни барқарорлаштиришга кўмаклашиш мақсадида корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ҳамда фаол фуқароларнинг хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов. – Ишонаманки, мазкур хайрли ташаббус бутун халқимиз томонидан қўллаб-қувватланади.

Экологик веломарафонда профессионал спортчилар билан бир қаторда аҳоли вакиллари, айниқса, ёшлар фаол иштирок этди. Тадбир доирасида концерт дастурлари, таниқли спортчилар, маданият ходимлари ва олимлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар бўлиб ўтди.

– Веломарафон доирасидаги тадбирларда айниқса, ёшлар фаол иштирок этмоқда, – дейди Хонобод шаҳридаги Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари Яҳёбек Матқосимов. – Ушбу тадбир ёшларга Орол денгизи ҳудудидаги экологик хавф ҳақида маълумотлар бериш билан бирга, ана шу ҳудудда яшаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга, умуман, экологик муаммоларга бефарқ қарамасликка ундамоқда.

Веломарафон ғолиблари ҳамда тадбирларда фаол қатнашган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.Экологик веломарафон тадбирлари юртимизнинг турли гўшаларида давом этади.

Ўзбекистон Экологик партияси барча юртдошларимизни юқори кўтаринкилик билан ўтаётган Экологик хайрия веломарафонида фаол қатнашишга ҳамда Мўйноқни обод этиш ва ана шу ҳудудда яшовчи аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қолади.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА