Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, тегишли соҳа раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан банд қилиш, уларга томорқадан фойдаланиш учун ер ажратиш, шунингдек, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кредит олишига амалий ёрдам кўрсатиш борасида жойларда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида «маҳаллабай» ишлаш тизимида «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикасида «Вақтинчалик тартиб» асосида ҳар бир туман ва сектор кесимида «маҳаллабай» «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган 24 519 нафар аёл киритилди. Жорий йилнинг 10 май ҳолатига кўра, улардан 22 484 нафарига амалий ёрдам кўрсатилган бўлиб, 8008 нафарининг бандлиги таъминланди. 2402 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди, 685 нафарига томорқадан фойдаланиши учун кўмаклашилди, 2949 нафар аёлга тадбиркорлик қилиши учун 28 миллиард 938 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда жами 1098 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Жорий йилнинг 4 ойи ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикасидаги оғир турмуш шароитида яшаётган 311 нафар хотин-қизнинг 40 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 35 нафарининг бандлиги таъминланди, 7 нафарига тадбиркорлигини бошлаш учун кредит ажратилди. Бундан ташқари ногиронлиги бўлган 30 нафар хотин-қизга ногиронлик аравачаси ва 48 нафарига эшитиш мосламаси етказиб берилди.

Сенаторлар ва депутатлар томонидан «Аёллар дафтари»нинг юритилиши ҳолати, жумладан, аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА