Муносабат

Кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган экологик сиёсат амалга оширилмоқда.

Юртбошимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалга оширилиши, мавжуд муаммоларимиз ўз ечимини топаётгани, ўз ривожланиш стратегиясига эга мамлакатимизнинг жадал равишда дунё билан тенглашиш сари дадил қадамлари энг йирик мисолларда келтириб ўтилди.

Айниқса, БМТ Бош Ассамблеясининг бу галги сессиясида ҳам давлатимиз раҳбари: «Давримизнинг ўткир муаммоларидан бири – глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда. Оролбўйи ҳудуди – экологик фожеанинг марказига айланди, деган сўзлариёқ буни тасдиқлаб турибди.

Дарҳақиқат, Мўйноқ туманидаги ислоҳотлар жараёнларини бугун нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё ҳайрат ва ҳавас билан кузатмоқда.

Қатор қонун лойиҳалари, қарор ижролари сабаб Мўйноқ тумани таниб бўлмас даражада юксалмоқда.

Маълумки, юртбошимиз 75-сессияда «Оролбўйи минтақасини – экологик инновация ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилиши ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди. Мазкур ҳужжат тасдиқланган санани эса «Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни» сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Жорий йил 18 май куни Президентимизнинг таклифига биноан БМТ нинг умумий мажлисида «Оролбўйи минтақасини – экологик инновация ва технологиялар ҳудуди» сифатида эълон қилиш тўғрисида махсус резолюцияси бир овоздан қабул қилинди.

Ўзбекистон Экологик партияси Президентимизнинг бу каби оқилона экологик сиёсат юритиши, жон куйдириши, айниқса, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси учун фидокорона қилаётган меҳнатлари самараси бўлишига ишонади. Бугун бутун дунё назари Орол муаммосига йўналтирилган, негаки ушбу фожеанинг салбий таъсири натижасида Ўзбекистон сарҳадларидан чиқиб, борингки, Гренландиянинг музликларига тузли қумлар кўчиб бориб, уларнинг эришига олиб келганлиги ақл бовар қилмас фожеа. Кейинчалик глобал иқлим ўзгариши, глобал исиш, тоза ичимлик суви танқислиги, инсон саломатлигига путур етиши – барчаси ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Ҳозирда инсоният экологик муҳитнинг долзарблигига гувоҳ бўлмоқда, қолаверса ҳар биримизнинг келажагимиз экология билан боғлиқ. Айниқса, келажак авлод учун қайғуриш бугунги инсонлар, яъни Сиз билан бизнинг зиммамизда. Юртбошимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган мулоҳазалари, қарорлари замирида ҳам инсоният тақдири ётибди.

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Оролбўйи экологик муаммоларини бартараф этиш учун, шунингдек Оролбўйи аҳолиси учун қулайликлар яратиш мақсадида Мўйноқ туманида экологик тоза, инновацион технологиялардан бўлган муқобил энергия – қуёш энергияси манбаи қуёш панелларини, бир нечта мактабларда тоза ичимлик суви таъминотини таъминлаш мақсадида сув фильтрларини ўрнатиб берди. Шунингдек, мунтазам равишда чўлга чидамли ўсимликлар, яъни саксовул уруғлари ва манзарали, мевали дарахтлар кўчатларини етказиб бериб келмоқда. Кейинги пайтларда партия томонидан Мўйноқ туманидан 80 километр масофада жойлашган «Али овул» аҳолисига моддий ва маънавий ёрдам бериб келинмоқда. Бундан максад, ушбу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва бандлигини тиклашдан иборат.

Қолаверса, партиямиз бир нечта ҳамкорлар билан биргаликда 21 майдан 5 июнга қадар «Мўйноққа мадад» шиори остида хайрия веломарафон ўтказмоқда. Биз – Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, Президентимизнинг оқилона экологик сиёсатини амалга оширишда бир тану бир жон бўламиз. Атроф-муҳитни асраш учун бирлашамиз.

 

Арухан Исмайлова,

Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар партия ташкилоти Кенгаши раиси.

ЎзА