Қорақалпоғистонда Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Сарез кўли тўғонининг ўпирилиши оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича қўмондонлик-штаб ўқув машқлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг жорий йил учун асосий тадбирлар режасига мувофиқ ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсади, Сарез кўли тўғонининг ёрилиши хавфи туғилганда ёки содир бўлганда табиий, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишда ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари бошқарув органлари, куч ва воситаларининг тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш, ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштиришдан иборат.

Бу каби машғулотлар натижасида мавжуд куч ва воситаларни тақсимлаш бўйича ҳаракатларни текшириш, ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш, кўчирилганлар учун ҳаётий шароитларни яратиш, вайрон бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация инфратузилма тизимларини тиклашга тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилади.

Қўмондонлик-штаб ўқув машқларининг иккинчи куни Хўжайли тумани «Саманкўл» овул фуқаролар йиғинида кўчириладиган аҳолини йиғиш, «Хўжайли» темир йўл бекатида аҳолини ва моддий бойликларни темир йўл ёрдамида кўчириш, Хўжайли тумани марказий ўйингоҳида кўчиб келган аҳолини қабул қилиш, Нукус шаҳридаги Ашшикўл ҳудудида сув тошқини сабабли юзага келган вайрона оқибатлари, санитария-эпидемиологик ҳолатларни бартараф этиш, қидирув-қутқарув ва тиклаш ишларини амалга ошириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш сингари махсус-тактик ўқув машқлари режа бўйича муваффақиятли амалга оширилди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА