Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси билан чиқиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратган эди.

Куни кеча бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида ушбу резолюция лойиҳаси маъқулланди. Бу Ўзбекистон учун катта обрў, алоҳида аҳамиятга эга қарор ҳисобланади. Чунки БМТ даражасида бундай йирик лойиҳанинг қабул қилиниши катта гап, мамлакатимиз ҳаётида долзарб аҳамиятга эга масаладир. Бу ҳақдаги хабар барча ютрдошларимиз, айниқса, Оролбўйи минтақаси аҳолисига катта хурсандчилик, қолаверса, фахр бағишлади.

Ушбу тарихий аҳамиятга эга ҳужжат моҳияти, бугунги кунда Оролбўйи ҳудуди экологиясини яхшилаш борасидаги ишлар ҳақида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Халилулла Шеримбетовнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик:

– Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция ишлаб чиқилиб, БМТ томонидан қабул қилингани нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз учун жуда долзарб аҳамият касб этади, – деди Х.Шеримбетов. – Зеро, Орол фожеаси атроф-муҳит, ҳудуд экологияси, ўсимлик ва ҳайвонот олами, аҳоли турмуши ва саломатлигига салбий таъсирини кўрсатаётгани сир эмас.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролнинг қуриган тубида яшил ҳудуд, ўрмонзор ташкил этиш бўйича мисли кўрилмаган даражада катта кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Президентимиз БМТ Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ҳам алоҳида тўхталиб, 2 миллион гектар ер майдонида ўрмонзор ташкил этилишини таъкидлаган эди. Бугунга қадар Оролнинг қуриган ҳудудининг 1 миллион гектар ер майдонида ана шундай яшил ҳудуд, ўрмонзор ташкил этилди. Бунинг учун катта куч ва маблағ йўналтирилди.

Оролбўйи ҳудуди қийин экологик шароитга қарамай, табиати бой, биохилма-хил ҳисобланади. Мазкур ҳудудда 213 турдаги юксак даражадаги ўсимликнинг 54 таси Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган. 273 турдаги умуртқали ҳайвоннинг 28 таси Халқаро Қизил китобга, 56 таси Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган. Бундан кўринадики, ушбу ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот олами эътибор, муҳофазага муҳтож, уларни асраб-авайлашга эътибор қаратиш зарурияти мавжуд.

Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистони Республикасида муҳофаза қилинадиган ҳудудларни ташкил этиш борасида кенг кўламдаги саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2019 йилда Хоразм вилоятида 21 минг 837 гектар майдонда Хоразм миллий табиат боғи, 2020 йилда мамлакатимиз бўйича энг катта ҳудудга эга бўлган Жанубий Устюрт миллий табиат боғи ташкил этилди. 2021 йилнинг февралида эса умумий майдони 280 минг 507 гектар бўлган «СУДОЧЕ-АКПEТКИ» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил қилинди. Мазкур муҳофаза ҳудудларининг жами майдони қўшиб ҳисобланганда, кейинги 2 йил давомида 1,8-1,9 миллион гектар муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ташкил этилганлиги аён бўлади. Бундан ташқари, жорий йилда 1 миллион гектар ер майдонида Марказий Қизилқум миллий табиат боғини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимиз экологик ҳолати, Оролбўйи минтақасини яхшилашга замин яратади. БМТ томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилингани ушбу йўналишдаги ишларимиз кўламини янада кенг миқёсда давом эттиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

 

ЎзА мухбири  Муҳтарама Комилова тайёрлади