Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаеванинг таъкидлашича, вакцинациянинг тўлиқ босқичларини олган инсон организмида коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилувчи иммун ҳужайралари ишлаб чиқилади.

Мазкур ҳужайралар қанча муддат ҳимоя қилиши борасида тўлиқ маълумот бўлмасада, бу ҳужайралар титри юқори бўлган даврда инсонга коронавирус инфекцияси юқмайди.

– Айрим давлатларда вакцина олганларга ниқобсиз юриш ва ижтимоий масофани сақламасликка рухсат берилаётгани ҳақидаги гап-сўзларга келсак, бундай ҳолатда вакцинация тўлиқ босқичларини олган ва иммунитет ҳужайралари мавжуд инсонларгина ниқобсиз юриши ва ижтимоий масофани сақламаслиги мумкин, – дейди С.Убайдуллаева. – Баъзи давлатларда вакцинация олганларга ниқобсиз юриш ва ижтимоий масофани сақламасликка рухсат берилиши, шу давлатлар аҳолиси орасида эмланганлар салмоғи 50 фоиз ва ундан ҳам кўпроқ бўлганлиги ҳамда аҳоли орасида оммавий иммунитет ҳосил қилинишига асос мавжудлиги боис бўлиши мумкин. Лекин бундай давлатлар жуда ҳам саноқли.

Шуни унутмаслик керакки, ўтаётган пандемия даври тиббий ниқоблар ва ўзаро масофа сақлашнинг самарасини исботлаб берди.