Аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш энг долзарб вазифалардан бири.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий аҳволини уйма-уй юрган ҳолда ўрганиш, ишсиз, ёрдамга муҳтож оилаларни «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га рўйхатга олиб, уларга ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Туман 4-сектор ҳудудида жами 9 маҳалла ва 3 та овул фуқаролар йиғини мавжуд. Ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш қувватига эга корхона «Беруний текстиль инвест» масъулияти чекланган жамиятида асосан ип калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Эътиборлиси, корхонада ишлаб келаётган 385 нафар ишчи ходимдан 111 нафарини айнан 4-сектор ҳудудидаги ёшлар ташкил этади.
– Жорий йил бошидан биринчи чорак давомида яна 10 нафар «Темир дафтари»даги фуқаро ишга қабул қилинди, – дейди Беруний тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Анвар Кенжаев. – Корхона ишини янада кенгайтириш мақсадида ҳозирги кунда 4 миллион АҚШ долларлик инвестиция киритди. Бу инвестиция йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган. Корхона маъмурияти 253 нафар аёл-қизни ҳозирда касбга ўқитяпти. Ушбу аёл-қизлардан 70 нафарини менинг секторимдаги аёл-қизлар ташкил этади. Учинчи чоракда эса лойиҳа ишга тушиши билан корхона томонидан яна 1200 та янги иш ўрни яратилади
Жамият томонидан ўтган йили ички бозорга 1220 тонна яъни 11 миллиард 702 минг сўмлик ёки 4503,5 минг АҚШ доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинишига эришилди.
«Шоббоз» овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилдора Шомуродова Элликқалъа тумани тиббиёт коллежини тугатиб, ишсиз юрганди. Дилдора ушбу масалада сектор раҳбарига мурожаат қилди ҳамда иши 3 кунда ижобий ҳал этилди. Яъни у эндиликда тумандаги оилавий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишламоқда.
– Мен 2018 йилда Элликқалъа тумани тиббиёт коллежини даволаш иши бўйича имтиёзли диплом билан тамомлагандим, – дейди Дилдора Абубек қизи. – Икки йил мобайнида уйда ишсиз ўтирдим. Шу боис иш сўраб мурожаат қилдим. Сектор раҳбари томонидан менинг мурожаатим тез ўрганиб чиқилди ва тумандаги 12-оилавий поликлиникага патронаж ҳамшира сифатида ишга олиндим.
Ишсиз ёшларни иш ўринлари билан таъминлашга йўналтирилган ишлар натижасида ёшлар ўзлари меҳнат қилиб, оилаларига қўшимча даромад киритмоқда.
Жумладан, «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси асосида «Шоббоз» овул фуқаролар йиғинидаги «Ёшлар дафтари»га киритилган 11 нафар ёшга 10 сотихдан ер майдони ажратилиб, ерга эгалик ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Ҳозирда ушбу ер майдонларининг бир нечтасида иссиқхона ташкил этилган бўлса, қолган қисмларига ҳам ишлов берилиб, турли хил сабзавот экинлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилмоқда.
Ёшлигидан деҳқончиликка қизиққан Ғулом Примов ҳам ўз томорқасидан 4 сотихли иссиқхона ташкил этди, ҳозирда помидор ва бодринг экинларидан ҳосил ола бошлади. Ғулом бу маҳсулотларни ички бозорга сотиб, оиласига даромад киритишни мақсад қилган.
Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури асосида тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш истагини билдирган Иномжон Сабировга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ер олишда амалий кўмак берилди.
– Ушбу мажмуани қуриб битказишда туман банки томонидан 800 миллион сўм кредит маблағи ажратилди, – дейди ёш тадбиркор Иномжон Сабиров. – Жамият ишга тушиши билан 7 нафар фуқарони иш билан таъминладим. Бу ерда савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйганмиз. Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадида тикувчилик хизмати ҳам иш олиб бормоқда. Корхонамда ишлаб чиқилган ойна ва эшиклар, қандолат маҳсулотлари туман дўконлари ва бозор расталарига етказиб берилмоқда. «Бичиш-тикиш қўлимдан келади, кредит олишга ёрдам берсангиз, ўз тикувчилик цехимни очардим» дея ёрдам сўраган Саломат Байжанованинг мурожаати ҳам тезда ҳал қилиниб, унга банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олишга амалий ёрдам берилди.
– Менга имтиёзли кредит олишга ёрдам беришди, – дейди Саломат Байжанова. – Мана шу маблағ билан ўз тикувчилик цехимни очдим. Бу ерда ўзим билан бирга яна «Ёшлар дафтари»га киритилган 4 нафар қизни шогирдликка олиб иш билан таъминладим. Ҳозирда цехимизда буюртма асосида аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари тикаяпмиз.
Тумандаги «Тўқимачи» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Муҳаббат Реймова ишсизлиги сабаб «Аёллар дафтари»га киритилган эди. Унга 4-сектор раҳбари томонидан тикув машинаси берилди. Ҳозирда Муҳаббат опа ўз-ўзини банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтиб, ҳам иш стажига эга бўлиб, ҳам бу тикув машинаси орқали даромад топиб, оиласини боқмоқда.
Мухтасар айтганда, аҳолини рози қилиш мақсадида олиб борилаётган ишлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА