Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.
Қонун лойиҳаси билан пенсия ва нафақаларни тайинлашда бир қатор имтиёзлар белгиланмоқда. Хусусан, 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади. Бу билан кўплаб фуқаролар пенсия тайинлашда юзага келадиган муаммолар, қийинчилик ва бюрократик тўсиқлардан холос бўлади.
Яна бир муҳим янгилик. Ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда улар учун ҳам ижтимоий солиқ тўлаб бориш ҳуқуқи берилмоқда. Бу, ўз навбатида, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлганлиги ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан ишламаган фуқаро учун келажакда пенсия олиш имкониятини беради.
Лойиҳа билан пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши белгиланмоқда. Шунингдек, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинмоқда.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Н.Насриев, ЎзА