Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун бир ойлик ота-оналар тўлови ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жойлашувига қараб табақалаштирилган ҳолда белгиланган.

Жумладан, энг юқори тўлов Тошкент шаҳрида – 10,5 соатлик давлат МТТда бир нафар бола учун 246 минг сўм, энг паст тўлов бошқа жойларда ўртача 10,5 соатлик давлат боғчада 167 минг сўм этиб белгиланган.

Ушбу тўловлардан тушган маблағ овқатлантириш харажатлари, 5 фоизи моддий-техник базани яхшилаш, санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева иштирокида бўлиб ўтган брифингда МТТларда тўлов миқдорининг ошганлиги юзасидан маълумот берилди.

Маълум қилинишича, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан 2021 йилда истеъмол нархлари индекси 9-10 фоиз миқдорда бўлиши прогноз қилинган. Шунга кўра, қарорда давлат МТТларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини 2021 йилнинг 1 майидан бошлаб ўртача 15 фоиз ошириш кўзда тутилган.

Ҳозирга қадар давлат МТТларига ота-оналар тўловидан тушган маблағлар тўлиқлигича болани овқатлантириш харажатларига йўналтириб келинмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Давлат статистика қўмитаси ҳисоботларига кўра, 2020 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўртача ўсиш даражаси 15,3 фоизни ташкил этган. Хусусан, нон маҳсулотлари 15,2 фоиз, гўшт, парранда гўшти ва балиқ нархлари 18,1 фоиз, сут маҳсулотлари нархи 11,5 фоиз, тухум нархи 37,6 фоиз, мева, сабзавотлар ва картошка нархлари 11,9 фоиз, ёғ ва мойлар 27 фоиз, шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар 11,8 фоизга ошган.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА