Маълумки, мамлакатимизда кейинги йилларда бўлиб ўтган сайловларда маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштироки тобора кўпайди. Хусусан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича миссияси томонидан ҳам тизимли равишда мамлакатимиздаги сайловларни кузатиб, баҳолаб сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган тавсияларини тақдим қилмоқда.
Мазкур тавсияларга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
БУЛАР ҚАЙСИЛАР?
Сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, амалдаги Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар судлар билан бир қаторда юқори турувчи сайлов комиссияларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, судлар ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирига зид бўлган қарорлар чиқарилиши эҳтимоли мавжуд бўлади. Шундан келиб чиқиб, шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда (14, 20, 22, 101 ва 102-моддалари).
Яна бир масала, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2014 йил 29 июлдаги «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
205-сонли қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларида сайловолди тарғиботини ўтказиш учун ҳам ҳокимликлардан рухсатнома олиниши лозимлиги белгиланган.
Аммо, ЕХҲТ сайловлар бўйича миссияси тавсиясига кўра, сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини белгиланмоқда (48-моддада).
Амалдаги қонунчиликка биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда 6-8 нафар аъзодан иборат округ сайлов комиссиясида мингга яқин участка сайлов комиссиялари (Парламент сайловларида эса 1 округга 65-110 та участка тўғри келади) тузилади. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бу ҳолат участка сайлов комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиришда қийинчиликлар туғдиради. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари – сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 11 – 18 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилиши кўрсатилмоқда (21-моддада).
Шу билан бирга, биламизки номзодлар ҳақидаги тўлиқ маълумот (шу жумладан унинг иш жойи тўғрисидаги) сайлов участкаларидаги плакатларда аниқ кўрсатилади. Ортиқча такрорланишларни олдини олиш мақсадида сайлов бюллетенига номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи ҳақидаги маълумотни киритмаслик орқали ихчамлаштирилмоқда (31-моддада).
Шунингдек, сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация (ID) картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаб қўйилмоқда (38-моддада).
Умуман, юқоридаги нормаларнинг қабул қилиниши миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси