Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида журналистика соҳасидаги «Олтин қалам» миллий мукофоти учун ХV танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан ўтказилаётган мазкур танлов миллий журналистикамизни янада ривожлантириш, ижодкорларни ўз устида ишлашга даъват этмоқда.
Миллий медиа оламида ўзига хос ўринга эга бўлган «Олтин қалам» мукофоти учун танловида ўтган йиллар мобайнида 7 мингдан ортиқ журналист 107 мингга яқин ижтимоий аҳамиятга молик ишлари билан қатнашди. 290 нафардан ортиғи танлов ғолиби бўлди. 2020 йилда танлов пандемия сабабли ўтказилмади.
Жорий йилда танловни ўзига хос форматда ўтказишга аҳамият қаратилди. Хусусан, «Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» рағбатлантирувчи номинация асосий мукофотлар сирасига киритилди. Яна бир ўзгариш – танловга тақдим этилган материалларнинг электрон шаклини уюшманинг journalist.uz веб сайтида очилган «Олтин қалам – 2021» бўлимига жойлаштириш, уни беш балли тизим бўйича баҳолаш йўлга қўйилди.
Бу йилги танловда 430 га яқин журналист уч мингдан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Сўзга масъулият ва ифода маҳорати, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодга янгича ёндашув каби мезонлар асосида ишлар баҳоланди. Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, яъни, якуний хулосага келишда танлов низомида белгиланганидек, уюшма сайтида амалга оширилган баҳолаш натижаларига ҳам таянилди.
Н.Усмонова, ЎзА