Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоқ академик лицейининг чет тиллари кафедраси томонидан фан ойлиги доирасида «Шарқ ва Ғарб маданиятининг ўзаро уйғунлашишини ифода этиш» мавзусида бадиий-адабий ватанпарварлик кечаси бўлиб ўтди.
Академик лицей директори, подполковник У.Кадиров бундай кечаларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларнинг замонавий билимларни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашдаги аҳамиятига тўхталди.
Тадбирда шунингдек, дунёнинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Колумбия университети магистранти Шон Синг, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети чет тиллари факультети кафедра мудири З.Утешова, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси, катта лейтенант А.Кенгесбаев иштирок этиб, ўқув юртида яратилган шарт-шароитлар, ўқувчилар томонидан тайёрланган кўргазма билан танишдилар.
Лицей ўқувчилари ўртасида Шарқ ва Ғарбнинг таниқли шоир ва ёзувчиларининг ёрқин сиймоларини акс эттирувчи суратларини чизиш, «Мамлакатимизнинг бой маданияти» номли энг яхши видеоролик бўйича танловлар ўтказилди.
Ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастурлар намойиши, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини ифода этувчи саҳна кўринишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир якунида танлов ғолиблари, шунингдек, фаол иштирок этган ўқувчилар лицей жамоаси томонидан тайёрланган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА