Жорий йил 28-30 апрель кунлари Тошкент ҳарбий округининг дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларидан бири – Кегейли туманидаги 41-умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олиб, ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида ёшларни ҳарбий-амалий спорт турларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб этиш мақсадида шу йилдан эътиборан янгича беллашув – “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилиши йўлга қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, ёшларда катта қизиқиш уйғотган мусобақанинг дастлабки босқичларидан унинг мухлислари сони кундан-кунга ортиб, бугун ушбу беллашув ёшлар ўртасида оммалашишга улгурди.
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар негизида ўтказилган мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи 17 та шаҳар ва туманлардан энг сара жамоаларни сафлаб берди. Ўқувчилардаги ҳаяжон, ғалабага бўлган шижоат, ҳарбийча қатъият беллашувнинг ҳар бир шартида яққол кўзга ташланиб турди.
Ҳар бир жамоа аъзолари ўзгача ҳарбий либосларда сафда мағрур туриб, гўёки ҳарбий хизматга келгандек ҳарбийча қатъиятни намойиш этишди. Қатъий интизом ва ғалабага бўлган кучли иштиёқ беллашувнинг ҳар сониясини ҳис-ҳаяжонга тўлдириб турди.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган мусобақанинг иккинчи босқичи якуни бўйича мутлақ ғолиблик Кегейли туманидаги 41-мактаб жамоасига насиб этди.
Мудофаа вазири кубоги баҳсларига Кегейли туман ёшларини тайёрлаш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида тайёрлов курсларини ташкил этиш бўйича қабул қилинган мақсадли қарор туфайли финалда Қорақалпоғистон Республикаси жамоасига тенг келадиган жамоа топилмади.
Икки ҳафта давомида ҳарбий қисмда яшаган ёшлар тажрибали офицер ва сержантлар таркибидан иборат бўлган йўриқчилар назоратида мерганлик маҳоратини ошириб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, саф қўшиқларини ижро этиш, сафда туриш ва шаҳдам қадамлар билан юриш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, эстафета югуришдан кўникмаларини мустаҳкамлади. “Темур тузуклари билимдони” шартига жиддий тайёргарлик кўрди. Тайёргарлик жараёнида ёшларга осон бўлмади. Эрта тонгдан кечгача давом этган машғулотлар ёшларни ҳолдан тойдирди, лекин шижоатини сўндирмади. Мана, машаққатли меҳнат ўз ҳосилини берди ва барча тайёргарликлар бесамар кетмагани ўз исботини топди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, туман ҳокимлиги ҳамда Халқ таълими бўлимининг саъй-ҳаракати билан Қорақалпоғистон Республикаси шаънини ҳимоя қилишга шайланган ёшлар тантанали ва дала уст-бош кийимлари, спорт сумка ва формалари, туфли, кроссовка ва этиклар билан тўлиқ таъминланди. Темир йўл орқали поезд билан жўнаб кетган жамоанинг ҳар бирига қўмондонлик томонидан бир кунлик меъёрда калорияга бой бўлган озиқ-овқат, ширинликлар берилди.
Тошкент ҳарбий округи полигонида ўтказилган мусобақанинг финал баҳслари мамлакатимизнинг энг сара ёшларидан иборат 14 жамоани бирлаштирди. Иштирокчилар илк ҳарбий кўникмаларни синовдан ўтказадиган “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, тиббий билимларнинг амалда намойиши бўлган “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, мерганлик маҳоратини намойиш этган “Моҳир мерган”, ўтмишдан сабоқ чиқаришга ундайдиган “Темур тузуклари билимдони” шартларида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишди.
Таъкидлаш жоизки, барчанинг кўз олдида “Сафда қўшиқ айтиш” шартини қорақалпоқ тилида “Армиям” қўшиғини айтган Қорақалпоғистон Республикасининг “Лочин” жамоаси ҳамда барча иштирокчи гуруҳлар ўртасида жамоа сардорликни қойилмақом бажарган ягона қиз Сабира Жулдасбаеванинг ҳарбийча командаларни бериши, хатто мудофаа вазирида ҳам катта таассурот қолдирди.
Муросасиз, қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг якуни бўйича учинчи ўринни Самарқанд вилоятининг “Соҳибқирон Темур” жамоаси эгаллаган бўлса, иккинчи ўринга Тошкент вилоятининг “Темур авлодлари” жамоаси лойиқ деб топилди. Қорақалпоғистон Республикасининг “Лочин” жамоаси эса бош соврин – мудофаа вазири кубогини қўлга киритди.
Албатта, минглаб ёшларни бирлаштирган мазкур мусобақа эндиликда анъанавий давом этиб, кейинги йилларда ҳам янги-янги ғолибларни кашф этиб беради. Аммо, Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари бу мусобақанинг биринчи ғолиби бўлгани зарҳал ҳарфлар билан тарихда қолади.
2 май куни “Нукус” вокзалида ғолиб жамоани кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Юксак ишончни оқлаб, уйга ёруғ юз билан қайтган ёшларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон халқ таълими вазири Рустем Реимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари, Кегейли тумани ҳокимлиги, халқ таълими бўлими ва 41- мактаб жамоаси, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари кўтаринки кайфиятда кутиб олди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳарбий-спорт мусобақаларида ҳали қорақалпоғистонлик ёшлар ҳеч қачон биринчи ўринни қўлга киритмагани, бундай юксак натижалар ҳарбий округ қўмондонлигининг ғамхўрлиги, эътибори ва ёрдами билан бўлганини алоҳида эътироф этишди.
Ёшлар ҳам ўз ўрнида ҳарбий округ қўмондони, уларни тайёрлаган ҳарбийлар ва устозларига миннатдорлигини билдиришди. Тадбирда, бу ғалаба бутун Қорақалпоғистон аҳлининг ютуғи экани таъкидланди.
Ғалабага қўшган ҳиссаси учун ҳарбий хизматчилар, таълим тизими мутасаддилари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Шундан кейин ёшлар кенг жамоатчилик ва ҳарбий хизматчилар билан бирга колонна билан Кегейли туманига йўл олди.
Кегейлида ғолиб жамоани тантанали кутиб олиш маросими ҳақиқий тўйга айланди. Мудофаа вазири кубоги ва совғалари билан мағрур кириб келган ёшларни туман ҳокими Даулетбай Утемуратов, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқитувчилар ва ёшлар қарши олди. Ғалаба нашидасини сураётган ёшлар, уларни бу ютуқ сари тарбиялаган, тайёрлаган ва амалий ёрдам берганлар шарафига илиқ сўзлар айтилди ҳамда ҳокимликнинг эсдалик совғалари топширилди.
Катта маррани забт этиб қайтган ҳар бир иштирокчига ҳокимлик томонидан қимматбаҳо совға – компьютер жамланмаси ҳадья этилди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги ўзбек ва қорақалпоқ миллий куй ва қўшиқлари барчанинг байрамона кайфиятини янада кўтарди.
Албатта, мана шундай олис туманларнинг бирида катта байрам бўлишига сабаб бўлган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси катта ҳаёт бўсағасида турган эртанги кун эгалари учун ҳақиқий ҳаёт мактаби, шон-шараф йўли бўлиб хизмат қилишда давом этади.
Майор Тимур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий
округ матбуот хизмати бошлиғи.