Қорақалпоғистон Республикаси Ҳўжайли туманидаги “Жан-Қўнғирот” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Нурулла ота Исаков бу йил 96 ёшга тўлади. 1925 йил Хўжайлида таваллуд топган Нурулла отанинг 96 йиллик шонли ҳаёт йўли қувончли воқеалар билан бирга машаққат ва оғир хотиралар билан тўлган.

Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Уруш қатнашчисини яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги байрами муносабати билан табриклаш учун Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик ва Фахрийлар ишлари бўйича кенгашларининг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий бўлинмалари аъзолари, Нукус ҳарбий прокуратураси, ҳарбий хизматчилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар ташриф буюрди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Меҳмонлар бугунги тинчлигимиз, осойишталигимиз учун совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай жангларда мардлик намунасини кўрсатган Нурулла отага миннатдорлигини билдирди.

Ўқувчи-ёшлар шеър ва қўшиқлар билан уруш қатнашчисининг кўнглини кўтарган бўлса, Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган уруш йилларидаги наволар отага 1945 йилдаги “Ғалаба куни”ни эсга солди.

Хўжайли туманидаги 15-мактабнинг ҳарбийлашган синфи ўқувчилари ҳарбий либосларда отахон олдида шаҳдам қадам билан ўтиб, уруш қатнашчисига шу йўсинда ҳурмат бажо келтирди.

Туман тиббиёт бирлашмасининг тиббий бригадаси томонидан Нурулла ота ва Ҳамида аянинг соғлиғи кўрикдан ўтказилиб, уларга саломатликни мустаҳкамлаш учун зарур тавсиялар берилди.Дуога қўл очган Нурулла ота бугунги кунларга шукроналар келтириб, ҳеч қачон дунё урушни кўрмасин, дея ният қилди.

Нурулла ота миллионлаб юртдошларимиз сингари 1943 йилнинг сентябрь ойида ҳарбий хизматга чақирилади. Дастлаб у билан бирга армия сафларига отланган йигитлар Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳри яқинидаги 183-ўқчилар полигонида дастлабки ҳарбий билимларни эгаллашади.

Ҳарбийча ҳаётга мослашиб, қурол-аслаҳалардан моҳирона фойдаланишни ўрганган Нурулла отанинг бўлинмаси 1944 йилнинг январь ойида фронтга йўл олади. Биринчи марра – II Беларусь фронти бўлди. Шу йилнинг 5 февраль санасида Витебск йўналишида бўлган фашистларга қарши қақшатқич жангда қаҳрамонимиз чап қўлидан яраланади. Ярадорлар Ярославль шаҳридаги госпиталга олиб борилади.

Жароҳат енгил бўлгани учун Нурулла ота бир ойдан кейин даволаниш муассасасини тарк этади ва 202-ўқчилар полигонининг ўқув батальонида кичик командирларни тайёрлайдиган курсда таҳсил олиб, уни навбатдаги “сержант” ҳарбий унвони билан муваффақиятли якунлайди. Ўқув курсларини тамомлаган отахон II Беларусь фронтига, эндиликда Могилёв йўналишига юборилади. Шу ерда июнь ойига қадар жанггоҳларда мардларча курашиб, Беларусни фашистлардан озод этишда қатнашади.

1944 йилнинг 4 июль санаси Нурулла отанинг нафақат қалбида, балки жисмида ўчмас из қолдиради. Польшада бўлган жангларнинг бирида нуроний оёғидан қаттиқ яраланиб, Чувашистон Автоном Республикасидаги ҳарбий госпиталда даволанади. Аслида, фашистлар томонидан отилган снаряд осколкасининг зарбидан Нурулла ота оёқсиз қолиб кетишига бир баҳя қолган эди ўшанда.

Жароҳатдан кейин реабилитация учун қаҳрамонимизга кўп вақт керак бўлди. Юрагида ғайрат-шижоат жўш урган Нурулла ота яна фронтга қайтаришларини сўрайди. Аммо, жароҳатдан кейин отахон ҳарбий хизматга жисмонан нолойиқ деб топилиб, II гуруҳ ногиронлиги билан уйга қайтарилади.

Урушдан кейин Нурулла ота Саричунгул овулидаги Куйбишев (ҳозирги Дўстлик) колхозида ёрдамчи-ҳисобчи бўлиб иш бошлайди. 1952 йилда Хўжайли туманидаги “Қорақалпоғистон қишлоқ ҳўжалиги бухгалтер ҳисобчилиги” техникумига ўқишга кириб, уни 1955 йилда тамомлади.

1965 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимида таълим олади ва бухгалтер-иқтисодчи мутахассислигига эга бўлади. 50 йилга яқин шу йўналишда фаолият юритиб, 2003 йилда нафақага чиқади.

1994 йилда Нурулла отанинг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси юксак баҳоланиб, Ўзбекистон Президенти томонидан “Жасорат” медали берилади. Беларусь халқи ҳам қаҳрамонимизнинг жасоратларини улуғлаб, Беларусь Республикаси фашизмдан озод этилишининг 65 ва 70 йиллик юбилейлари муносабати билан табрикномалар юборилди.

Нурулла ота бугун муборак 90 ёшни қарши олган Ҳамида Юсупова билан 70 йиллик умри давомида 3 нафар ўғил ва 6 нафар қиз фарзанд кўриб, ҳар вақт элимиз, халқимиз орасида эъзоз-эътиборда бўлиб келмоқда.

 

ЎзА