Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.

Мазкур фармонга мувофиқ, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилганидан хабарингиз бор. Куни кеча “Нуроний” газетасида ушбу мукофот билан тақдирланганлар рўйхати эълон қилинди. Улар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ходимлари ҳам борлигини алоҳида таъкидлашни лозим топдик.

Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, халқаро алоқалар бўйича мутахассис Ирисмат Абдухолиқов биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, сиёсат ва янгиликлар таҳририяти бош муҳаррири Абдужалол Тайпатов ва таржима таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Зебо Бобоева иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлдилар.

ЎзА жамоаси устозларни ушбу мукофот билан муборакбод этади.

Тақдирланганларга кўкрак нишони, улар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига ўрнатиладиган белги ҳамда бир йўла тўланадиган пул мукофоти тантанали топширилади.

 

ЎзА