Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда судьялар, сенаторлар, депутатлар, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда суд тизимида амалга оширилаётган ишлар, ишларни кўриш сифатини ошириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида қисқача маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида иш олиб бориш, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стандартларга уйғунлаштиришга қаратилган механизм яратилди.
Фармон талабларидан келиб чиқиб, қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу асосда «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида», «Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида», «Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида» ва «Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги пленум қарорлари лойиҳалари тайёрланди.
Мажлисда мазкур лойиҳалар муҳокама қилинди.
«Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарор лойиҳасида жиноят ишларини апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланиши тушунтирилган.
Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ, апелляция тартибида иш юритиш маҳкум, оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек, прокурор ва унинг ўринбосари протести бўйича қўзғатилади.
Апелляция тартибида иш юритиш ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Улар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар киради. Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят (протест)ни қабул қилиш пайтида апелляция шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт.
Қонунга кўра, апелляция шикояти (протести) ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Биринчи инстанция суди ҳукми устидан апелляция шикояти (протести) ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма кун ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса, уларга ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан шундай муддат ичида берилади.
Олий суд пленумининг «Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, суд амалиётида бу борада айрим масалалар юзага келаётганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан суд амалиётида юзага келган саволлар ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида «Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги пленум қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Олий суд пленумининг «Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ишлаб чиқилган.
Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли.
Кўриб чиқилган мазкур тўртта муҳим янги пленум қарори лойиҳаларида тегишлилигига кўра ишларни кўриб чиқишнинг барча жиҳатлари бўйича тўлиқ тушунтириш берилган.
Мажлисда Олий суд пленумининг бошқа бир қатор қарорларига ўзгартириш киритишга оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА