Соҳибқирон Амир Темур таваллуди олдидан
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан йирик давлат арбоби, буюк саркарда, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур бобомиз таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан очиқ осмон остида бадиий кеча ўтказилди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
Буюк аждодимиз Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз)нинг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Манбаларда Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айримига қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўргангани айтилади. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Муҳташам Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биноси олдида ўтган кечада Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан Амир Темур образи моҳирона гавдалантирилиб, ўша даврнинг қизиқарли эпизоди намойиш этилди.
Яқиндагина муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари жам бўлган майдонга Амир Темурнинг отлиқ саркардалари билан кириб келиши иштирокчиларни ҳайратга солди. Санъаткор томонидан моҳирона ўйналган ҳар қандай спектакль саҳнаси, албатта, томошабинларнинг қалбидан чуқур жой олиши табиий. Театр актёри Фозилбек Тўлагенов томонидан ижро этилган ролда буюк шахс феъл атворидаги қатъиятлик, жасурлик ва мардлик, адолатпарварлик, ўзига бўлган ишонч қалбларни жунбушга келтириб, иштирокчиларда буюк аждодларнинг авлодлари эканидан фахр, ифтихор туйғуларини юксалтирди.
– Амир Темур ролини биринчи маротаба ижро этяпман, – деди актёр Фозилбек Тўлагенов. – Саҳнага чиқишдан олдин илгари кузатилмаган ҳаяжон босди вужудимни. Чунки, Соҳибқирон образини моҳирлик билан гавдалантириш, унинг ҳар бир ҳаракатини қойилмақом бажариш, энг асосийси, томошабинларда илиқ таассурот қолдириш зиммамдаги масъулиятдир. Бугун буюк шахс ролини ўйнаганим, менга чексиз бахт бағишлади.
Тадбир давомида Ўзбекистон халқ артисти, 1996 йилда Қорақалпоғистон Республикасида биринчи бўлиб Амир Темур ролини ўйнаган моҳир санъаткор Бозорбой Узоқбергенов “Амир Темур монологи”ни ёддан айтиб берди.
Буюк Соҳибқирон шарафига ҳарбий хизматчилар фарзандлари томонидан айтилган шеърлар, намойиш этилган миллий рақслар тадбирга ўзгача файз олиб кирди.
Байрам кечасига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Нукус шаҳар кенгаши ташаббуси билан таклиф этилган жисмоний имконияти чеклаган болаларнинг ташрифи илиқ қарши олинди. Ҳарбийча либосларда келган байрам меҳмонлари куй ва қўшиқлар садолари остида маза қилиб рақсга тушди. Ҳарбийлар томонидан “жажжи меҳмонлар”га улашилган совғалар болаларнинг тадбирдан ўзида йўқ қувонч, олам-олам таассуротлар олишини таъминлади.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан тақдим этилган концерт дастури байрам кечасига завқ бағишлади.
ЎзА