Нукусдаги «Истиқлол» болалар дам олиш марказида «Китобхонлик ҳафталиги»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Татлимурат Атамуратов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбой Каримов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбой Низанов ва бошқалар мамлакатимизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасидаги ишларга тўхталди. Халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятининг аҳамияти юксак экани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда «Китобхонлик ҳафталиги» этиб белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш юзасидан жорий йилнинг 6-7 апрель кунлари Бўзатов туманида шеърият фестивали ўтказилади.
Ҳафталик доирасида “Ёш ижодкорлар ”, “Билимдон ёшлар ” китобхонлар клуби аъзолари иштирокида “Китоб-қалб гавҳари, кўнгил зийнати», «Китоб-бу жамиятнинг бойлиги» мавзуларида давра суҳбати, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Қорақалпоқ миллий нақл-мақоллари» беллашуви, «Сиз севиб ўқиган китоб?», «Мен севган кутубхонамга китоб совға қиламан» акциялари, аҳоли ўртасида оилавий китоб ўқиш анъанасини йўлга қўйиш максадида «Энг яхши китобхон оила» танлови ва бошқа қизиқарли тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда миллий маданиятимиз билан адабиётимизни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ.
– Бир гуруҳ устозларимиз билан Қорақалпоғистон Республикасидаги китобхонлик байрамида иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Албатта Оролбўйига ташрифимиз давомида адабиёт ихлосмандлари, китобсеварлар билан учрашувлар адибларимизнинг янги асарларига замин яратади, деган умиддаман.
Тадбир иштирокчилари китоблар кўргазмаси ва ярмаркаси билан танишди. Уларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА