Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали томонидан муборак Рамазон ойи арафасида хайрия тадбири ўтказилди.

Жумладан, филиал томонидан Нукус шаҳридан 40 та, ҳар бир тумандан 10 тадан, жами 200 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилага кундалик эҳтиёжи учун 36 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти тарқатилди.

– Мазкур хайрия тадбири муборак Рамазон ойи арафасида ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир, – дейди «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Исломбек Тажетдинов.

– Эзгулик, саховат, меҳр-шафқат инсонларни қалбан яқинлаштиради.

Шу куни Нукус шаҳар «Қумбиз овул» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Абдижамил Шукуруллаев ва Аймурат Халмуратов ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

 

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА