Мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи вазифасига ишга жойлаштириш учун 6,5 миллион сўм талаб қилган фуқаро ушланди.
У Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Нукус шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячиси О.Б. исмли фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ишга жойлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг учун талаб қилинган 6,5 миллион сўм пулнинг 5 миллион сўмини 2021 йилнинг 29 март куни Нукус шаҳрида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти олдида фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланди. Ундан қимёвий ишлов берилган 5 миллион сўм пул ашёвий далил тариқасида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Корақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА