Аёл мукаррам, аёл мўътабар. У бор экан, кўзларда қувонч балқийди, қалбларда хотиржамлик ҳукм суради.

Шунинг учун ҳам улар ҳаёт давомчилари, дея улуғланади, оиланинг бир устуни деб эътироф этилади.

Мудофаа вазирлиги қўшинлари миқёсида ўтказилган «Балли, аёллар» кўрик-танловининг якуний босқичида ҳам мана шу эътирофга муносиб бўлиб оилада, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган шундай оила бекалари ўзаро куч синашди.

Рўзғор тутишу тадбиркорликда, ҳатто санъатсеварликда ҳам бир-биридан қолишмайдиган саккиз нафар иштирокчининг чиқишларини «Бувижонлар мактаби» республика жамоатчилик кенгаши раиси Муборак Юнусхўжаева бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Онлайн тарзда ўтказилган танловда иштирокчилар тўртта шарт бўйича ўзаро беллашди.

Кучли рақобат, қизиқарли баҳс-мунозарага бой ўтган мусобақанинг ўзига хос энг муҳим жиҳати – шартларнинг барчаси оила бекаларининг яширин ва янги қобилиятини, истеъдодини намоён қилганида бўлди.

Хушчақчақ давраларда вақт ҳам тез ўтади, деб бежиз айтишмас экан. Бу гал ҳам шундай булди. Иштирокчи аёллар томошабинларни такрорланмас чиқишлари билан хушнуд қилишди. Ниҳоят, якунда ғолиблар номи эълон қилинди. Унга кўра, Шаҳноза Асқарова (Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги) биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Раънохон Сотиболдиевага (Қуролли Кучлар академияси) насиб этди. Василахон Каримова (Шимоли-ғарбий ҳарбий округ)эса учинчи ўринга лойиқ топилди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва

оммавий коммуникациялар департаменти ходими