Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт деган вазифа белгиланган эди.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Таълим инспекцияси билан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 27 январь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли тумани 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича ўқув-семинари ташкил этилди.

Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳузуридаги Миллий марказ, Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Хўжайли тумани хокимлиги, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази раҳбарлари ва жамоалари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган 27 та таянч мактаблар, шунингдек, Хўжайли туманидаги 6-мактабга бириктирилган умумтаълим муассасалари директорлари, уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари, аниқ, табиий, филология ва бошланғич таълим фанлари бўйича тренер ўқитувчилари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро тадқиқотларни иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бошланғич 4-синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш – PIRLS дастурининг тажриба-синов тадқиқоти жорий йил октябрь ойида ўтказилди. Ушбу дастур бўйича асосий тадқиқотлар 2021 йил апрель ойида ўтказилиши белгиланган.

Худди шундай, 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолашга йўналтирилган PISA дастурининг тажриба-синовлари ҳам 2021 йил апрель-май ойларида ҳамда асосий тадқиқотлари 2022 йил апрель-май ойларида ташкил этилади.

Мазкур тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ўтган йилда Республика бўйича 348 та таянч мактаблар белгиланиб бўлиб, ушбу мактаблардан 27 таси Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган. Мазкур мактабларга яқин ҳудудларда жойлашган бошқа мактаблар уларга бириктирилиб, тренер-ўқитувчилар гуруҳлари шакллантирилган.

Ушбу таянч мактаблари вилоятдаги бошқа мактаблар учун халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик йўналишида мувофиқлаштирувчи ва методик базага эга бўлган муассаса ҳисобланади.

Тадбирнинг биринчи қисмида PISA ва PIRLS тадқиқотларига тайёргарлик бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар, таянч мактабларининг лаборатория жиҳозлари, реактивлар ва зарур компьютер техниклари билан таъминланганлик ҳолати танқидий муҳокама қилинди, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатларни кўрсатган ҳолда режалар белгиланди.

Семинарда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтди.

– Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таълим сифатини тубдан яхшилаш, чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилган.

Мамлакатимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, халқаро баҳолаш дастурларида эришаётган муваффақиятларини ўрганиш, хусусан, таълим сифатини ошириш бўйича қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларидаги таълим сифатини пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори даражага олиб чиқиш, шунингдек, ўқувчиларни фақатгина ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинган.

Мазкур вазифаларни ҳар бир таълим муассасасида тўлиқ амалга ошириш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим. Айни шу нуқтаи назардан Таълим инспекцияси мамлакатимизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, таълим сифати кўрсаткичларини ошириш йўлида мунтазам ҳамкорликка доим тайёр.

Бугун Хўжайлида Сизлар билан кўришиб, мазкур масалаларни муҳокама қилаётганимиз ҳам албатта бежиз эмас. Зеро Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларидаги мактаблар шароити ва таълим сифати пойтахт марказидаги мактаблар билан тенглашмас экан, биз керак бўлса, жойларга чиққан ҳолда муаммоларни ўрганишда ва уларни ижобий ҳал қилишда давом этаверамиз – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Улуғбек Ташкенбаев, шунингдек, ўз нутқида халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўриш ва бу борада таянч мактаблар билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган қуйидаги қатор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ташкил этилган 27 та таянч мактабларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан мультимедиа воситалари ва лаборатория реактивлари билан таъминлаш лозим.

Шу билан биргаликда, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳудудий маркази томонидан малака ошириш ўқув дастурларига ўқувчиларни халқаро тадқиқотларга тайёрлаш, уларда амалий кўникмаларни ривожлантириш методикаларининг ўқитилишига эътибор қаратилиши керак.

Тадбир давомида ҳудудий ҳокимлик ҳамда халқ таълими мутасаддилари томонидан келтирилган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Семинарнинг иккинчи қисми шўба йиғилишлари ва маҳорат дарслари кўринишида давом этди. Унда Нукус давлат педагогика институти, ҳудудий малака ошириш маркази ва таянч мактабнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан «Устоз-шогирд» тамойили асосида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Хусусан, 15 нафар ўқувчи иштирокида Физика лаборатория хонасида олиб борилган маҳорат дарсини 15 нафар таянч мактаб тренерлари кузатиб бордилар ва ўзлари учун янги тажрибаларни орттирдилар.

Шунингдек, ўқиш, математик, табиий-илмий саводхонлик ва бошланғич таълим йўналишлари бўйича шўбаларда жами 142 нафар тренер-ўқитувчилар иштирок этиб, халқаро тадқиқотларнинг тегишли йўналишлари бўйича янги маълумотларга эга бўлдилар.

Маҳорат дарслари якунида тажрибали экспертлар томонидан халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда ўқиш, табиий-илмий ва математик саводхонлик йўналишлари бўйича ўқитувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Шу билан биргаликда, таянч мактаблар ўзига бириктирилган мактаблар билан фаол тарзда ишлаш механизмини жорий этган ҳолда ишларни ташкил этишлари бўйича вазифалар берилди. Бириктирилган мактаблар таянч мактаблар томонидан ўтказилаётган семинар-тренинг, амалий машғулот ва давра суҳбатларида иштирокини тўлиқ таъминлаш ва тренер-ўқитувчилар шахсий масъулиятини ошириш бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тегишли тавсиялар берилди.