Қатар пойтахти Доха шаҳрида дзюдо бўйича Токио Олимпиадаси йўлидаги қимматли рейтинг очколар тақдим этувчи «Мастерс» турнири давом этаётганлигидан хабарингиз бор.
Бироз олдин мазкур мусобақанинг иккинчи кунида татамига чиқадиган спортчиларимиз ҳақида хабар бердик. Хўш, мусобақанинг илк кунида ҳамюртларимиз билан боғлиқ натижалар қандай бўлди?
Жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаев Қатар «Мастерс» турниридаги иштирокини муваффақиятли бошлади. У аввалига росиялик Ислам Яшуев енгда, иккинчи давра учрашувида бельгиялик Йорре Верстраетенни вазари баҳоси эвазига мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олди. Афсуски, 1/2 финал чиптаси учун кечган беллашувда кореялик Ким Вон Жинга имкониятни бой бериб қўйди. Шунда ҳам Шарофиддинда бронза медали учун курашга имконияти бор эди. Ўтиш баҳсида ҳамюртимиз россиялик Алберт Огузовга ютқазиб қўйди. Гарчи медаллардан қуруқ қолган бўлсада, турнирда 7-ўриндан жой олди ва 468 рейтинг очкосини нақд қилди.
-60 кг вазн тоифасидаги яна бир полвонимиз, Рио Олимпиадасининг бронза медали совриндори Диёрбек Ўразбоев ҳам турнирнинг чорак финалига қадар етиб келди. Баҳсларга иккинчи босқичдан қўшилган Диёрбек эквадорлик Ленин Пресиадони иппон баҳоси эвазига таслим этган эди. Кейинги босқичда германиялик Моритц Плафкини қўшимча бўлимда мағлуб этишни уддалади. Моритц россиялик Роберт Мшвидобадзени мағлубиятга учратиб, ўзига хос шов-шувга кўтарганди. Бироқ Диёрбек 1/4 финалда мағлубият аламини тотиб кўрди. Рио Олимпиадасининг бронза медали совриндори, Хитой Тайпейи вакили Юнг Вей Янгга ютқазиб қўйди. Бронза медали йўлидаги ўтиш беллашувида эса нидерландиялик рақибини мағлуб эта олмади. Шу тариқа Ўразбоев ҳам Лутфуллаев каби турнирни еттинчи ўрин ва 468 очко билан тугатди.
Диёра Келдиёрова ва Сардор Нуриллаев ҳам омадсизликка учрашди. Улар мусобақани 200 рейтинг очколари билан тарк этишди.
Бугунги баҳсларда ҳамюртларимиз Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг), Шарофиддин Болтабоев (-81 кг), Камолиддин Расулов ва Гулноза Матниязовага (-70 кг) омад тилаймиз.