Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар каби мамлакатимиз иқтисодиётини либераллаштириш ва соҳада барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, жорий йилда ва истиқболда ҳаётга татбиқ этилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш борасида кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

ТРАНСФОРМАЦИЯ – ИҚТИСОДИЁТНИ ЖАДАЛЛАШТИРУВЧИ ИНСТИТУТ

Маълумки, иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва йирик корхоналарда давлат улушининг узоқ вақт сақланиши бозор механизмларига ўтишнинг кечикишига, меҳнат унумдорлигини ошириш, янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва соҳага илғор технологияларни жорий этиш, хусусий капитални фаол жалб қилган ҳолда янги иш ўринлари яратишга салбий таъсир кўрсатади.

Шу мақсадда давлат корхоналари трансформация қилинади. Яъни, трансформация дастури уларнинг ишлаб чиқариш, харид қилиш, сотиш ва инвестициявий фаолият самарадорлигини оширишга ва маҳсулот сифатини оширишга қаратилган тадбирлар мажмуини ўз ичига олади. Натижада давлат корхоналарининг халқаро бозорда рақобатбардош ўринга эга бўлиши, улар фаолиятида хусусий капитал иштироки, очиқлик ва шаффофликка асосланган замонавий корпоратив бошқарув тизимининг яратилиши таъминланади.

ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР

Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолаётганлиги, шу сабабли жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Жумладан, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва бу орқали хусусий секторга кенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўлиқ ўрганилди ва иқтисодиётда давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушини кескин қисқартириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6096-сон Фармони билан 32 та трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати тасдиқланди.

Шунингдек, бевосита давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш билан шуғулланувчи Молия вазирлиги тузилмасида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилди.

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ ТРАНСФОРМАЦИЯСИ – БАНК ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШИ

Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлган банк-молия соҳасида ҳам амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ушбу секторда рақобат муҳитини кучайтириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва соҳага хорижий инвестициялар киритиш учун жозибадор иқтисодий-ҳуқуқий муҳитни яратадиган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида«ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида«ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида«ги ҳамда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида«ги янгиланган қонунлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  12 майдаги ПФ-5992-сонли Фармони билан тасдиқланган “2020 – 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси»га мувофиқ, банк хизматлари оммабоплиги ва сифатини ошириш учун банк секторини тубдан трансформация қилиш белгиланган. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат улушига эга тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа офисига тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларига маслаҳатчи сифатида халқаро консультантларни жалб қилиш ҳамда тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш масалаларида халқаро молия институтлари ва салоҳиятли хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб бориш ва битимлар тузиш ваколати берилди. Бугунги кунга келиб 8 та тижорат банкини трансформация қилиш ва давлат улушини сотиш борасида хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда музокаралар олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида 2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилиши ҳамда банклар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш эътибор марказида бўлишини алоҳида таъкидлади.

ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИНИ БEЛГИЛАШ – ТРАНСФОРМАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ МАНТИҚИЙ ДАВОМИ

Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, корпоратив бошқарув тамойилларини кенг жорий этиш, хўжалик бошқарув органларини оптималлаштириш ва улар фаолиятини ташкил этиш қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатори ишлар амалга оширилди.

Аммо хўжалик бошқарув органларининг ҳуқуқий мақоми ва улар таркибидаги корхоналар билан ўзаро муносабатларнинг аниқ чегараси белгиланмаганлиги сабабли хўжалик бошқарув органларининг тарқоқ ҳолда фаолияти юритишига ҳамда улар ҳақида очиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш имкониятини чекланишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли, хўжалик бошқарув органи мақомида фаолияти юритаётган давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, трансформация жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида хўжалик бошқарув органлари тўғрисида алоҳида яхлит қонун қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали, ушбу соҳадаги тарқоқ нормалар яхлит, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжатида тизимлаштирилади. Натижада, давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида таъкидлаганидек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки камайтирилиб, хўжалик бошқарув органларининг самарали фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган қонунчилик базаси яратилиши таъминланади.

Қисқа қилиб айтганда, Президентимизнинг Мурожаатномаси иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Рустамбек САЙИДОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги  

Қонунчилик муаммолари ва  

парламент тадқиқотлари институти  

бош илмий ходими