Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳудудида очиқ осмон остидаги муз майдонининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Мазкур бетакрор лойиҳа Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданият вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Art Uz Promotion Agency”, шунингдек, “Saxovat”, “Weber” савдо белгилари ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ҳамда спортни кенг тарғиб қилишдан иборатдир.

Оғир пандемия шароитига қарамай аҳолининг кўнгилли дам олиши, кайфиятини кўтариш борасида кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда белгаланган карантин қоида ва талабларига қатъий амал этиш, масофа сақлаш, очиқ осмон остидаги тадбирларни ўтказишга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

Қисқа фурсатда қуриб битказилган мазкур муз майдончаси ҳарорат +15 даражагача бўлган шароитда ҳам ишлаши мумкин. Илғор технологиялар асосида бунёд этилган муз майдони махсус совутиш-музлатиш технологияларига асослангани билан аҳамиятлидир.

Энди бу ерда бир ой давомида болалару катталар мириқиб коньки учиши, турли қизиқарли мусиқий фестиваллар, ижодий танловлар, шоу-дастурлардан баҳраманд бўлиши мумкин.

…Совуқ яхшигина ҳукмини ўтказишига қарамай Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига туташ майдон одамлар билан гавжум. Мусиқанинг жўшқин савдолари авжида. Гўёки совуқ забти одамларнинг иштиёқи, завқи, шаҳд-шиддати олдида енгилгандек.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бундай муз майдони пойтахт тарихида илк марта ташкил этилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда халқимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида кўплаб амалий лойиҳалар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.

Тадбирда ажойиб мусиқий дастур билан бирга россиялик фигурали учиш устаси Алексей Ягудин иштирокидаги дастур томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. А.Ягудин тўрт карра жаҳон, уч карра Европа чемпионати, икки карра фигурали учиш бўйича халқаро мусобақа финали Гран-присининг совриндоридир. Унинг ижросидаги «Қиш» номли бадиий дастур томошабинларга манзур бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда спортнинг ушбу тури ҳам ривожланиш босқичига кирмоқда. Фигурали учиш бўйича ёш спортчиларнинг бадиий чиқишларида бу яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Шаҳар марказидаги муз майдони бир ой муддатга ўрнатилади. Бу вақт мобайнида очиқ осмон остидаги муз майдонида қатор маданий-кўнгилочар ва спорт тадбирлари ўтказилади. Хусусан, “Dance Music Fest Winter”, “Iosis Fest”, “Tashkent Rap Festival” мусиқий фестиваллари, шунингдек, хоккей бўйича ўсмирлар чемпионати, муз устида рақс шоуси каби тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга ташкилотчилар томонидан фудкорт зона хизмати йўлга қўйилиб, унда пойтахтимизнинг тез овқатланиш, қандолатчилик ва қаҳва брендлари фаолият юритади. Майдон олдида чанғи ва бошқа учиш аксессуарлари ижараси пункти хизмати йўлга қўйилади.

Очиқ осмон остидаги муз майдонининг очилиши чинакам спорт, саломатлик байрамига айланди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА