БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Оролбўйи ҳудудида энг фаол саломатлик кўнгиллиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Кўнгиллилар туфайли биз ҳаммасини уддалаймиз!» шиори остида тадбирлар ташкил этилди.

–Ҳудудда саломатлик кўнгиллиларини тайёрлаш БМТнинг Тараққиёт Дастури фаолияти доирасида 2012 йилда бошланган эди, – дейди қўшма дастур саломатлик бўйича мутахассиси Гулнора Жапақова. – БМТнинг кўнгиллилар дастури (БМТКД) кўмагида бугунги кунга қадар 3710 нафар кўнгилли ўқитилган бўлса, шундан 2017-2019 йиллар мобайнида амалга оширилган БМТнинг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури доирасида 2081 нафар кўнгилли тайёрланди. Натижада улар 386906 нафар аҳолининг тиббий маданиятини оширишга ёрдам берди.

Бунда асосий фаолият йўналиши – аҳолига ўпка, ошқозон-ичак, юрак-қон томир касалликларининг профилактикаси чораларини ҳамда оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашни тарғиб қилишдан иборат. 2020 йил давомида эса асосий мавзу – коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 га стратегик тайёргарлик ва қарши тура олиш бўйича Режада кўнгиллиларнинг роли “муҳим қисми” деб баҳоланди. Чунки улар ўзларининг саломатлигини хатарга қўйиб, тажриба алмашишни, ҳамқишлоқлари саломатлиги ва аҳволларини кузатиш ҳамда баҳолашни давом эттирмоқдалар.

–Дарҳақиқат, бугунги синовли кунларда аҳолининг коронавирус ва бошқа касалликлардан омон қолишида кўнгиллилар ёрдами беқиёсдир, – деб Қорақалпоғистон Республикасидаги саломатлик кўнгиллиларининг меҳнатига юксак баҳо берди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска байрам муносабати билан йўллаган табригида. –Улар пандемия даврида эҳтиёт чораларини кўриш ва нафас олиш йўллари гигиенаси ҳақида махсус телеграмм-канал орқали доимий равишда онлайн маслаҳатлар бериб туришди.

Ўтган йили БМТ Тараққиёт Дастури,  Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  БМТКД Европа ва МДҲ бўйича минтақавий офиси кўмагида 6 номинация бўйича энг фаол кўнгилли танлаб олиниб, муносиб рағбатлантирилди.  Ғолиблар ўпка, юрак-қон томир, ошқозон-ичак касалликлари, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, COVID-19 профилактикаси бўйича ўтказган ахборот сессияларининг сонига қараб, ўз-ўзини яккалаш даврида кўнгилли тарзда аҳолига кўмак берган тиббиёт ходимлари орасидан аниқланди.  Хавфсизлик чораларига ва карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтган йилнинг декабрь ойида Тахтакўпир, Бўзатов, Чимбой, Кегайли, Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай, Хўжайли ва Нукус туманларида ғолиб бўлган волонтёрларга уяли телефон, планшет ва патронаж сумкалари тантанали равишда топширилди.

Қорақалпоғистонлик кўнгиллилар қозоғистонлик ҳамкасблари билан онлайн тарзда махсус видеоконференцияда иштирок этди. Тадбир доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ўзаро тажриба алмашинди.

Бундан ташқари, БМТ Тараққиёт Дастури ЮНФПА билан ҳамкорликда, Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида Оролбўйи ҳудудида маҳаллий аҳолини экологик, иқтисодий қийинчиликлар даврида барқарорлик салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида фаолият олиб бормоқда. Бунда асосий эътибор чекка қишлоқ аҳолиси ўртасида оналик, болалик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилишда маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг техник ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилмоқда. Дастурни амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига «Coca-Cola» жамғармаси маблағи ҳисобидан 4 дона ИВЛ аппарати, 165 дона кислород концентратори, Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида 6 дона ИВЛ аппарати COVID-19 касаллигига чалинган беморларни даволаш учун топширилди.

Бундан ташқари, ҳудудга коронавирус профилактикаси бўйича ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида 115000 дона ахборот нашри, постерлар, 20 минг дона тиббий ниқоб тақдим этилди. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилар ҳимоя комбинезонлари, махсус кўзойнаклар, антисептиклар, масофавий ҳарорат ўлчагичлар ва пульсоксиметр каби тиббий анжомлар ва махсус ускуналар билан таъминланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  ЎзА