Матбуотимизда Ренессанс ҳақида кўп ёзилмоқда. «Ренессанс» сўзи луғавий маънода французча renaitre –«қайта юзага келмоқ», «янгидан туғилмоқ» маъноларини англатади.
Ренессанснинг асосий аломатлари: тафаккурда ва илму ижодда догматизм, жаҳолат ва мутаассибликни ёриб ўтиб, инсонни улуғлаш, унинг истеъдоди, ақлий, фикрий имкониятларини юзага чиқаришдир.
Осиё марказида жойлашган Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эронда Ренессансни кенг тарқатган Италияга қараганда бир неча аср олдин (IX–XII-аср) улкан маданий кўтарилиш юз берган, илм-фан, фалсафа, адабиёт ривожланган. Бу давр дунё илм-фанида «Исломий Ренессанс» (А. Мес) ёки “Шарқ Ренессанси» (Н.И.Конрад) номи билан аталиб келинмоқда.
Назаримизда, Марказий Осиёда муқаддас Қуръони Карим китобининг тўлиқ, мўъжизакор сиру синоатларини англашдан бошланган фикрий Ренессанс Ислом тамаддуни номи билан ривожланиб, XVI асргача жаҳон илм-фани ва ғоялари марказига айланди, десак тўғри бўлади.
Ислом билан яқиндан озиқланган Осиё жамиятлари ўзлари илгаридан эга бўлган маданий бойликларни исломий ғоялар билан уйғунлаштирган ҳолда ўзгача бир юксак маданиятни яратдилар. Хусусан, диний эътиқод, яшаш тарзи ва қадриятлари баланд бўлган Мовароуннаҳр халқлари IX-XII асрларда биринчи Ренессанс даврини бошлаб бердилар. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг 850 жойида турли кўринишларда келган, демакки, илмий кўтарилишнинг илдизида ислом дини турарди. Шу боис, исломни қабул қилган жамиятлар аввало, ўқиш-ўрганиш ва таълимга катта аҳамият бериш бараварида, таълим-тарбия тузилмаларини шакллантиришга ҳам дадил киришган эдилар.
1004 йилдан бошлаб Гурганжда «Дорул ҳикма ва маориф» («Мажлиси уламо») номини олган илмий муассаса тўла шаклланди. Бу илмий муассасада худди Афинадаги «Платон», Бағдоддаги «Байт ул-ҳикмат» академияси фаолиятига ўхшаб илмнинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилган, жуда кўп манбалар тўпланган, таржимонлик ишлари бажарилган; ҳинд, юнон, араб олимларининг ишлари ўрганилган.Маърифатпарвар ал-Маъмун ташаббуси ва фаол ҳаракати билан Ренесанснинг асоси бўлган Маъмун академияси атиги ўн уч йил (1004-1017) фаолият кўрсатган бўлса-да, у XI асрда Марказий Осиё Ренессанс марказига айланишини таъминлаб берди.
Шундай қилиб, Мовароуннаҳр минтақасида дунё тан олган Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимиз ўзларининг илмий-ижодий кашфиётлари билан умумжаҳон тараққиёти ва илм-фан ривожига беқиёс ҳиссаларини қўшдилар.
XIII аср бошидаги мўғул истилоси туфайли илмий жараён бир муддат тўхтаб қолди, аммо бу узоққа чўзилмади. XIV асрнинг иккинчи ярмида соҳибқирон Амир Темурнинг тарих саҳнасига чиқиши билан минтақада юксалиш қайтадан бошланди ва Темурийлар давлатининг қарор топиши билан ўлка янгидан маданият, илм-фан, санъат ва адабиёт марказига айланди.
Илмнинг авлоддан-авлодга етказилиши сабабли уммат ўзини адашишдан сақлади, миллий қадрият ва муқаддас қадамжоларини душман босқинидан ҳимоя қилишга бел боғлаб келган. Европа мамлакатлари ўрта аср жоҳилият ботқоғида ботиб ётган вақтида мусулмон мадрасалари табиий фанларни ўрганиш маркази бўлган. Ренессанс даврида кучли диний билимлар ҳуқуқшуносликка, каломдан фалсафага, адабиётдан психологияга, математикадан астрономиягача бўлган соҳаларда буюк асарларни вужудга келтиришга замин ҳозирлаган. Бу билимларнинг пайдо бўлишига кўмаклашган ташкилий тузилма мадрасалар бўлиб, улар ўрта асрдаги исломий маданият ва илм-фаннинг ҳақиқий маркази, пойдевори вазифасини ўтаган.
Мадрасалар узоқ вақтгача исломий илмлар билан бирга, тиббиёт, астрономия, жамиятшунослик ва иқтисодиётни ўрганиш маркази мавқеини сақлаб келган. Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов 2020 йил февраль ойида ЎзА сайтида эълон қилинган “Самарқанд университети қачон ташкил топган?” мақоласида Туркистон ҳудудидаги мадрасаларнинг ислом дунёси ва дунё тамаддуни тараққиётига қўшган ҳиссасига тўхталиб, Самарқанд дорилфунуни Мирзо Улуғбек ма
драсасининг бевосита давоми экани ҳақидаги фикрларини илгари сурди. Ҳақиқатан ҳам, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон каби шаҳарларидаги мадрасалар тизими дунёвий ва диний билимлар, тиббиёт, астрономия, аниқ фанлар ҳамда ҳуқуқ-фалсафа йўналишларидаги таълимда тенги йўқ муассасага айлангани ҳақиқат эди.
Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд мадрасаси нафақат илм-фан маркази, балки ўша давр уламолари учун ўзига хос академия бўлган, дейиш мумкин. Бу қутлуғ даргоҳда Турону Эрондан 200 дан зиёд олим фаолият олиб борган. Самарқанд мадрасаси 1420 йилда қуриб битказилган. Икки қаватли, бурчакларидаги тўртта дарсхона устида тўртта гумбаз ва тўртта минора бўлган. Мадрасанинг биринчи қаватида 25 та, иккинчи қаватида 25 та ҳужра бўлиб, ҳар бирида 2 нафардан талаба яшаган. Мадраса Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Жамшид Коший ва Али Қушчи каби етук олимлар раҳнамолигида маданият, илм-фан соҳасида иккинчи Ренессанс даврига шоҳид бўлган.
Улуғбекнинг 1447 йилда ваҳшийларча қатл этилишидан сўнг, Самарқанд мадрасаларидаги олимлар аста-секин бошқа минтақаларга тарқалиб кетдилар. Шундан кейин ҳам юз йиллар давомида мадрасалар Турк-ислом илмининг ривожи йўлидаги хизматини давом эттирди.
Мусулмонлар цивилизацияси гуллаб-яшнаган даврларда толиби илм, энг аввало, Қуръони каримни ўрганар, яъни у ўн ёш атрофида бирданига иккита илмни ўзлаштирар эди. Нозил бўлган кунидан бошлаб Охират кунигача бу охирги Муқаддас китоб инсоният учун ягона йўриқнома бўлиб қолади. Аллоҳнинг китобида»Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир» («Қалам» сураси, 52- оят), деб хабар қилинади.
ЯНА БИР МУҲИМ ГАП…
Инсон мияси ўз табиатига кўра, мойиллик характерига эга ва унинг бир қисмидаги яхши алоқалар атрофдагиларнинг вазифаларига билвосита таъсир этар экан. Ёшлигидан Қуръони каримни ўрганган бола кўриш қобилиятига алоқаси бўлади, тил, меҳнат хотираси, ёдда сақлаш, эшитганларини таҳлил қилиш, диққатли бўлиш, қобилиятларни ўзлаштириш, режалаштириш каби вазифаларни миясида машқ қилдиради. Бундай одам бошқа фанларни ўрганишга киришса, нима бўлишини энди тасаввур қилаверинг!
Масалан, имом Муҳаммад Ғаззолий (1058-1112) юнон фалсафасини икки йил ичида, илм олишдан бўш вақтларида ўрганган. Мусулмонларнинг илм-фанга қўшган улкан улуши сири таълим тизимида энг муҳим элемент бўлган Қуръони карим туфайли, деган хулосага келмоқда таҳлилчи олимлар. Ушбу кучли тизим ўзгарганида эса, улар етакчиликни бошқаларга бой бериб қўйишди.
XVIII асрнинг охири, XIX аср бошларида, афсуски, мадрасалардаги таълим сифати тушиб кета бошлади, дин ва илм-фанни шахсий манфаати йўлида фойдаланишни истаган кишилар таъсирида диний ҳукмларни ҳамда дунёвий илмларни хато тушунувчи ва тушунтирувчи, билим ва санъатга эътибор бермайдиган авлод пайдо бўлди.
ҚАЛБНИ АНГЛАШ…
Бизга маълумки, XVII асрдан истилочилар дунёни, жумладан, Шарқ мамлакатларини бирма-бир бўйсундиргач, биринчи навбатда Қуръоннинг нуфузи, мақоми пасайтирилди. Руҳият илми, қалб фикрлари, комиллик, донолик, тўғрилик сари интилиш иккинчи даражага тушиб, Нафс технологиялари биринчи ўринга чиқарилди.
«Сенинг биринг икки бўлмайди, маънавий бой бўлиш кимга керак: болаларинг эртага оч қолади. Сен моддий бой бўлгин, қалб тарбиясини йиғиштир, моддиюнчиликка интил, ягона йўл шудир», деган ғарбона ғояни сингдириш жараёни кучайгандан кучайди. Шунда Қуръондан аста-секин чекиниш бошланди, чунки одамлар очкўзлиги туфайли озгина бой бўла бошлади. Ғарб ғоялари ва технологиялари кучли чиқди! Шарқ олами қалб ва нафснинг ўзаро курашида боши ерга тегди – ютқазди. Шунда Шарқнинг таназзули чуқурлашди.
Қуръон қалбни тарбиялайди, инсонни кучли, илмли, иймонли бўлишга аста-секин ҳозирлайди. Қалб энг кучли шундай қурилмаки, унга бутун дунёни сиғдириш мумкин. Дунё бундай ривожланиш чўққисига қай йўл билан эришди ва қандай муаммолар орасида тентираб юрибди – буни фақат юрак сезади, ҳис қилади ва оҳангини топиб, ўзи ҳал қилиш чорасини топади.
Ҳа, фақат ўзи, бошқа ҳеч ким эмас. Ахир, жамият ҳам, давлат ҳам шахсларнинг умумлашмаси эмасми ва унга суяниб иш кўрмайдими? Биз таълимда ҳам, жамият ҳаётида ҳам, давлатни бошқаришда ҳам ишни қалбга йўл топа бил
маганимиз, инсон мўъжизакор куч ва имкониятга эга эканини менсимаслигимиз, ноҳақликка кўп йўл қўйганимиз сабабли, яна гуноҳларимиз ошгани ҳисобига жамиятда олға силжиш рўй бермаётир.
«Нафс технологияси одам ва давлатни ўлимга етакловчи кучга қодирдир. Нафс домига тушгандан кейин, киши ҳеч нарсадан тап тортмайди, ҳаром-харишдан ҳазар этмай, бошқалар ҳисобига бўлса ҳам яхши яшашни ўйлайди. Оқибатда у золим, бераҳм риёкор бўлиб қолади», деб ёзган эди таниқли олим Нажмиддин Комилов «Тасаввуф» (1999) номли китобида.
«Шунинг учун тасаввуф талаб этган тийилиш, қаноат, сабру фақирлик тариқида гап кўп. «Дунёга бир марта келасан, оладиганингни олиб қол», – бу илгаридан маълум фалсафа. Коммунистлар буни: «Мен инсонман, демак менга ҳамма нарса раво» деб ўзгартирадилар, аммо мақсад ўша: иложини топгинда, яхши яша, бошқалар билан ишинг бўлмасин.
«Ҳамма нарса раво» фалсафаси одамни иймону эътиқоддан айириб, юлғичлик ва талон-торожга фатво беради, ваҳшийлик инстинктини кучайтиради».
Эндиликда, мустақил давлат қургандан кейин сунъий яратилган қолипларни синдириб ташлаш, тасаввуфга оид асарларининг қаймоғини, дурларини йиғиб, мактаб, институтларнинг гуманитар фанлар предметларига босқичма-босқич киритиш, «Тасаввуф фалсафаси»ни фан сифатида киритиш учинчи Ренессанс асосларини яратишга хизмат қилади.
АҚЛИЙ МЕҲНАТГА ЎРГАТИШ…
Қадимдан халқимиз ўта меҳнаткаш, иродали бўлган, меҳнат қилиш шахс шаклланиши асосий омили дейилган. Ҳаёт синовидан ўтган мазкур тамойилни муомаладан чиқарган давлатлар иқтисодиёти ва жамият ҳаётида кўп нарсани йўқотишди. Аммо кейинги йилларда жамиятда меҳнат қилмасдан ниятга етиш, обрў олиш, осонгина маблағ топиш иллатлари вужудга келишини кузатмоқдамиз.
Ёшларни ақлий меҳнатга ўргатиш, шу йўл орқали камолга етиш тамойили устувор бўлиши тарафдоримиз. Афсус, шўролар ҳокимияти ақлли ва ўртача одамнинг нуфузини тенглаштирди, бой одамни қўллаш, имконидан фойдаланишни эмас, балки уни жисман йўқ қилишни хоҳлади. Жамиятда 70-90 йилларда ён-атрофимизда қўрқоқ, тобе оломон шаклланди, ҳаттоки улар давлатнинг қилғиликларидан кўзини юмди. Ақлли одамлар ҳокимиятга яқинлаштирилмади. Натижада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар қалашиб кетаверди.
Давлат ҳокимиятининг асосий мақсади – ўз фуқароларининг меҳнат қилиши, ҳаётини ўнглаб олиши учун етарли шарт-шароитни таъминлаб беришдан иборат. Акс ҳолда, халқ бошқа енгил-елпи, қинғир, ёлғончилик кўчасини танлайди, ҳатто ҳаром луқма билан фарзандларини боқиш (давлатдан нажот қолмаса, бошқа иложи қолмайди,) йўлига рози бўлади. Энг ёмони, келгуси зурриёдлари бўлган болалари шу луқма қаердан келаётганини кўра била туриб яшашга мажбурдир. Ислом таълимоти қоидаси бўйича бу залолат, жаҳолатга тенг ҳодиса.
XVI асрлардан Шарқ нотўғри яшаш йўлини танлади. Бу номақбул йўл Ислом оламини адаштирди. Қайси восита бўлишидан қатъи назар, пулингни кўпайтир, одамларнинг ичига нифоқ сол, фойда келишини билсанг, ёлғон сўзла, лафзингни буз, деб ўргатди Ғарб таълимотлари.
Марказий Осиё, Яқин Шарқ халқлари осон алданди, аммо Хитой, Япония каби мамлакатлар Нафс технологиясини қабул қилмади. Масалан, Кунчиқар юрт «Япон руҳияти ва ғарб технологияси»номли «вакон ёсай» ғоясини қўллади. Собиқ самурай ва ҳукумат амалдори С. Судзуки (1579–1655)нинг дзен – буддавийликка асосланган этикасида «Меҳнат – сабр-тоқат, қаноатга тенг, моҳиятига кўра, художўйлик даражасида, меҳнат қилиш – ҳақиқий иймон-эътиқоднинг йўли бўлиши керак», деган ғояни олға сурганди.
Бу таълимот Баҳоуддин Нақшбандийнинг доимо меҳнат билан банд бўлиш, М.Вебернинг протестантча этика ғояларига ўхшайди. Асосий фарқ шуки, Вебер ва Судзуки таълимоти Европа ва Япония ижтимоий ҳаётини яхшилаб, юқори поғонага кўтарди, ўлкамизда Нақшбандий таълимоти эса бир четга суриб қўйилди?!
Саййид Муҳаммад Баҳоуддин ибн Саййид Жалолиддин Нақшбанд (1318-1389) таълимоти ўзининг ихчам ифодасини «Дил ба ёру даст ба кор» ҳикматида англатган. Яъни «Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин». Бундай олтин қоида дунёда биронта миллатда йўқ. Ўша пайтлар таълимот соддалиги ва қулай қабул қилинганлиги туфайли бутун минтақадаги 30 га яқин Шарқ мамлакатларига тарқалди.
Мавлоно Яҳуб Чархийнинг «Рисолаи унция», Абул Муҳсин Муҳаммад Боқирнинг «Маҳомоти Хожа Баҳоуддин Наҳшбанд», Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳоту айни-л-ҳаёт» каби рисолаларида Хожа Баҳоуддиннинг ҳаёти, тариқати, таълимоти, таъсири ва сулуки ҳақида маълумотлар келтирилган. Ёр иноятининг кўмагисиз мақсадга етиб бўлмайди, деб ҳисоблайди Хожа Баҳоуддин ва тасаввуфий толиби илмларни шу йўлнинг қийинчиликларига қадамба-қадам ҳозирлайди.
Айтар эдилар: «Амти-л-аза ани-т-тариқи» («Азият берадиган нарсаларни йўлдан йўқотинг»)дан мурод шуки, нафсингизни Ҳақ йўлида йўқотинг.
Собиқ иттифоқ даврида одамларда давлат ҳамма ташвишларимни амаллаб қилиб беради, деган боқимандалик кайфияти ва руҳият психологияси пайдо бўлганди. Боқимандалик психологияси аждодлар ва бизнинг генларимиз, қолаверса, бошқарув маданиятида, жамият ҳаётида ҳануз йўқолмаган. Янги Ренессансга тайёргарлик жараёнларида (у 5, 10, 20 йилга чўзилиши мумкин) ўзгармас дастурларни тузиш чоғида Нақшбандийнинг олтин қоидалари асосида мукаммал таълимотни замон билан уйғунлаштириб, Меҳнатга ўргатиш замонавий усул ва механизмларини ишлаб чиқишга зарурият кучайиб бормоқда. Нега? Жамиятда гоҳида боқимандалик кайфияти ғолиб келмоқда. Инсон ўзини тўла намоён этишига, меҳнат инсонни улуғлаши ва бой-бадавлат қилиши тамойилларини сингдиришда муаммоларга дуч келмоқдамиз. Жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий соҳаларида, таълим тизимида ёшларнинг меҳнатга муносабати салбий томонга ўзгариб, енгил йўллар билан пул топишга интилиш вужудга келмоқда. Ушбу илғор ғояни, фикрни нега илгари сурмоқдамиз? Сабаби шуки, у четдан таълим технологиялари, усулларини, одам ресурсларини талаб қилмайди, ҳукумат ва давлатдан ортиқча маблағ сўралмайди. Муаммонинг ечими инсоннинг ўзига тақалади, у билан бирга ечимини топади!
Давлат ва шахс ўртасида консенсус, аҳдлашувга эришилса, оғир тош жойидан аста қўзғалади. Бунинг учун давлат ҳокимияти фуқарога иш жойини тайин этади ва унга етарли шарт-шароит яратади, фуқаро эса ҳалол меҳнат қилади, моддий ва номоддий маҳсулот чиқариб, корхонасига фойда келтиради. Фикримизга мисол Хитойда 1980-1985 йилларда бошланиб самара келтирган Ден Сяопин ислоҳотларидир. «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик», деган халқимиз мақолининг мағзини чақиб кўрайлик.
ЭЪТИҚОДНИ ТАРБИЯЛАШ…
Юртимизда ислом динига эътиқод қўйган диндорлар миқдори, нуфузи, жамият ҳаётидаги ўрни ошиб бораётганлиги туфайли мазкур технологияга эҳтиёж ўсиб боради. Дин азалдан тартибни, ҳалолликни ёқтиради, демак, мамлакатимизда миллий тараққиётни таъминлаш йўлида тўсиқ бўлган коррупцияни жиловлаш, темир интизомни ўрнатиш ва адолатнинг тантана қилишида (соҳибқирон Амир Темур бобомиз шу йўл орқали адолат байроғини ушлаб, тарихга ўзининг номини муҳрлади) Ислом тартиб-қоидалари ниҳоятда катта роль ўйнайди.
Бугунги ёшларимизнинг таълим ва тарбияси ҳолатига объектив баҳо бериб, Нақшбандийнинг меҳнат этикаси таълимотини жамият ҳаётига, давлат ва нодавлат тузилмаларига жорий қилиш механизми мукаммал ишланса, биз ота-боболаримиз бошлаб берган Ренессанс ҳодисасини муносиб давом эттириш шароитини қўлга киритамиз! Ғарб технологияларига кўр-кўрона эргашсак, вазият қўлдан чиқиб кетади. Биз яна бегона таълим ва тарбияга қарам бўлиб, технологияларга муҳтож, ўзимиз ўзбек, аммо қарашларимиз ғарбники, тилимиз байналмилал, яшаш тарзимиз қоришмадан иборат жўн одамга айланамиз.
Дин – жамият ва инсон ҳаётида, шубҳасиз, катта ўринни эгаллайди. Дин –эътиқод, тўғри яшаш йўлини кўрсатади. Дин – ҳақ йўли демак. У – коррупцияга, алдаш ва алданиш, бировнинг молини ўғирлаш, маддоҳлик ва муттаҳамгарчиликни ёқтирмайди.
Шарқда Амир Темур салтанати бошлаган Иккинчи Ренессансдан кейин (15-16 асрлар) нега байроқни қўлдан чиқардик? Тарихнинг гувоҳлик беришича, Ислом дини ривожи, фуқароларнинг ўзаро аҳиллиги, жамиятдаги тинчлик ва осойишталик, борига қаноат қилиши, сабр-иродалилиги Ғарб оламига ёқмасди (бу масалада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 2019 йилда чоп этилган «Олам ва одам, илм ва дин» номли китобида ўнлаб далиллар келтирилади–Б.О.).
Шайхнинг ёзишларича, XVI асргача Европада на мактаб-мадраса, на тиббиёт, на бошқарув, на иқтисодиёт тизими яхши ишлаган. Шарқ анча олдинда бўлган! Аламзада ғарбликлар шарқ одами психологиясини ўзгартирадиган махсус технологияни ўйлаб топиш ҳаракатига тушдилар. Кўрганида инсон кўзи қувонадиган техника ва технологияларни кўпайтириб (аслида бунга муҳтожлик ва зарурият ҳам унчалик катта бўлмаган), бозорини қалаштириб ташлашди.
Араб. Форс тилида битилган нодир қўлёзмаларни босқинчилик ва айғоқчилик йўллари билан ўғирлаб кетишди, уларни «нозик» жойларини ўзгартириб, илм-фан лабораторияларида қайта тўлдириб, яна ўзимизга қайтариб беришди. XIX-XX асрларга келиб, телевизор, компьютер (булар ичида энг фойдалиси), мобил алоқани ишлаб чиқариб «совға» қилишди. Интеграл схемаларда, математик моделларда Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий каби Шарқ алломалари ғоялари асос бўлиб хизмат қиларди…
Аммо энди Шарқ одами фикрлашдан, ривожланишдан тўхтади, унинг учун техника ўйлай бошлади. Мисол учун, биргина техника –1990 йилларда эстрада санъатимизга киритилган фонограма (оғиз кучайтиргич) асбоби овози йўқ, она тилини билмаган ҳаваскорларни таниқли хонандага айлантирди ва алал-оқибат, қўшиқчилик санъатида истеъдодли билан истеъдодсизнинг фарқи деярли қолмади.
Эътиқодни қадрлашни илм, маданият, санъат, мактаб ва институт аҳли, жамики ёшларга сингдирсак, янги Ренессансни қуриш манзилига шу қадар осонроқ эришилади. Негаки, дин қалб билан ишлайди, қалбни тарбиялайди, у таълимда ҳам, телевидениеда ҳам, давлат бошқарувида ҳам, ислоҳотлар жараёнида ҳам инсон руҳини, қалбини уйғотади ва оловлантиради. Қалбнинг призмалари чертилса, ёшлар маънан ва руҳан юксалса, давлат ислоҳотлари бардавом ва самарали кечади. Дунё тажрибасида кўрилганидек, фуқаро меҳнат қилса, вазифасини адо этса-ю, роҳатини кўрмаса, у қўлини силтаб, давлатни алдашга ўтади.
Давлат сиёсий, иқтисодий ва маърифий жабҳада ислоҳотни бошлар экан, унда халқ бевосита бош фигура бўлиб қолади. Эски замонларда дин, эътиқод тамойиллари таг-замини бузилгандан сўнг, инсон фикри залолатга, ботқоқликка ботди.
Эндиликда Юртбошимиз ташаббусига кўра, улкан маърифий ҳаракат –учинчи Ренессансга йўллар очилмоқда. Бизнингча, учинчи Ренессанс даврининг бош ижодкори, ижрочиси Инсон эканлигидан келиб чиқиб, ривожланиш омилларини Ғарб тамойилларидан қидириб ўтирмасдан, шахснинг фақат ўзидан бошлашимиз керак.
Шарқ ва Ғарб чорраҳасида жойлашган минтақамиз кўп асрлар давомида маданиятлар, илмий ғоялар, тиллар ва динлар мулоқоти, ўзаро таъсирига катта туртки берган. Биз аввало, биринчи ва иккинчи Ренессанс илдизларига қайтишни хайрли иш, деб билдик.
Инсон қалби, ақлий меҳнати ва эътиқодини тарбиялаш – Ренессансни таъминлаган бош омилларига суянган тизимни яратиш биринчи галдаги вазифамиздир.
“Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг, деди Юртбошимиз 2020 йил 26 декабрда Ўзбекистон Ёшлари форумида сўзлаган нутқида. – Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари, деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли, ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни изчил амалга оширмоқдамиз».
Ҳақ гап, биз илмли, иродали,чиниққан, тарбия кўрган ёшларни миллий тараққиёт мақсадларига сафарбар эта билсак,шубҳасиз,кутилган самараларга эришамиз.
Бахтиёр ОМОНОВ, Тошкент ахборот технологиялари
университети профессори, сиёсий фанлар доктори