Британия қирғоқларига ёпирилган “Белла” тўфони Бельгиягача етди, деб хабар беради “Интерфакс” агентлиги.
Мазкур мамлакатнинг айрим жойларида, жумладан, Брюсселда ҳам шамолнинг тезлиги соатига 80-100 километргача, соҳилбўйи ҳудудларда эса соатига 120 километргача етган.
Қироллик метеорология хизмати Бельгияда сариқ рангли хавфдан огоҳлантирув эълон қилиб, мамлакатнинг қатор вилоятларида об-ҳаво шароити автомобилда ҳаракатланиш учун ҳавфли бўлишини маълум қилди.
Кучли шамол туфайли Брюсселда истироҳат боғлари ва ўрмон ҳудудлари ёпилган. Ла-Маншда шамолнинг тезлиги соатига 130 километргача етгани, тўфон Париж минтақасига ҳам етиб бориши айтилмоқда.