Сурхондарё вилоятида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун қўлланилган маъмурий жарималарни мажбурий тартибда ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларини кескин камайтиришга қаратилган рейд тадбирлари ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, 2020 йил 1 декабрдан жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига мусодара қилинган мол-мулк сотувидан тушган пул маблағлари белгиланган тартибда алоҳида ғазначилик ҳисоб рақами билан пропорционал тартибда «Темир дафтар»,»Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

– Шунга мувофиқ тадбирлар чоғида билиб-билмай қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўламагани учун уларнинг автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов.- Бу жараёнда албатта, кимдир ҳали йўл ҳаракати қоидаларини бузганлигидан бехабарлигини, яна кимдир машина оилавий бошқарилишини айтиб вазиятни юмшатишга уринмоқда. Лекин, қонун барчага баравар эканини ёддан чиқармаслик керак. Шу ўринда қоидабузарлик учун жаримани 60 кун ичида бартараф этган ҳайдовчилар бу каби тадбирларнинг қўш тирноқ ичидаги қаҳрамонига айланмаслигини эслатиб ўтамиз. Бундай ўнғайсиз ҳолга тушмаслик учун аввало йўл қоидалари ва амалдаги тартиб-меъёрларга қатъий амал қилиш лозим.

Маълумотларга кўра, МИБ Сурхондарё вилояти ҳудудий органлари томонидан рейд тадбирлари бошланганидан буён йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун қўлланилган маъмурий жарималарни мажбурий тартибда ундириш билан боғлиқ 47 мингдан ортиқ 12 миллиард сўмликка яқин ижро ҳужжати ижроси таъминланди.

Вилоятда ҳамкорликдаги тадбирлар давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА