Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллабай тизимда йўлга қўйилган ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги ифодасини кўриш, навбатдаги режаларни белгилаш, қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш мақсадида 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Урганч шаҳрида вилоят фаоллари ва тармоқлар мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида хоразмлик деҳқон ва фермерларни, бутун меҳнаткаш халқимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан яна бир бор табриклади.

– Хоразмга бу йил иккинчи марта келяпмиз. Мақсад – сизларнинг кўзларингизга қараб, вилоятдаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, яна нима имкониятлар бор, қандай тартиб, қандай кўмак керак, нима натижа бўлади, деган саволларни қўйиб мулоқот қилиш. Баландпарвоз гаплар билан иқтисодиётни юритиб бўлмайди. Муаммони билсак, қарор тўғри, адолатли бўлади, – деди Президент.

Давлат раҳбари «маҳалла раиси – ислоҳотчи» тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлади.

– Президент бир йилда бир келиб, кўриб кетгани билан натижа бўлиб қолмайди. Ҳар бир ҳоким, иқтисодий комплекс раҳбарлари ҳудуддаги муаммолар бўйича тизимли ишлаши керак. Четдан келиб биров қилиб бермайди. Мана, кеча Хоразмдаги шаҳар ва туман ҳокимлари билан гаплашдим. Қанча маблағ сўраса, бердим. Пулимиз кўплиги учун эмас, масала қўя олгани учун. Одамлар ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Маҳаллий кенгашлар, маҳаллалар талаб қилиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий масалалар танқидий кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизматларни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, кам таъминланганларни камбағалликдан чиқариш, маҳаллалардаги ижтимоий шароитларни яхшилаш каби долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилинди. Ҳар бир шаҳар ва туман, маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, «ўсиш нуқталари» белгиланди.

Хусусан, Урганч шаҳрида тўқимачилик ва туризм, Хива шаҳрида туризм ва қурилиш материаллари, Гурлан туманида тўқимачилик ва иссиқхона хўжалиги, Янгибозор туманида иссиқхона ва мева-сабзавотни қайта ишлаш, Тупроққалъа туманида машинасозлик ва электр техникаси каби йўналишларни ривожлантириш мумкинлиги қайд этилди. Шу йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга вазирлик ва банклар раҳбарлари бириктирилди. Барча лойиҳалар 16 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

2021 йилда вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш мақсадларига 500 миллиард сўм кредит ресурси ажратилиши маълум қилинди.

Хоразм учун драйвер соҳалардан бири – туризм. Шу боис вилоятда меҳмонхона ўринларини кўпайтириш, салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Ички туризмни ривожлантириш учун транспорт хизматларини яхшилаш, хусусан, Фарғона водийсидан авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйиб, бунинг дастлабки даврида 30 фоизлик чегирма қўллаш бўйича кўрсатма берилди. Кейинчалик бу тажриба Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўлланилади.

Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши айтилди. Яқин уч йилда 2 минг 370 километр ички йўлларни таъмирлаш вазифаси қўйилди.

Ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Келгуси йили вилоят бўйича 2 минг хонадонли 100 та кўп қаватли уй-жой барпо этиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Таълим, тиббиёт, маданият соҳаларини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.

Президент йиғилишда хоразмлик ёшлар билан алоҳида суҳбатлашди. Ҳар бирини эшитиб, таклифлари бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

– Қийин даврда, мураккаб шароитда яшаяпмиз. Ана шу шароитда ҳар бир туман, ҳар бир маҳалланинг ўз ўрни, марралари бор. Хоразмнинг марраси баланд бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида бунёд этилаётган янги уйларни бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбарининг эҳтиёжманд аҳолини турар жойлар билан таъминлашга оид фармон ва қарорларига мувофиқ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида мамлакатимизда кейинги тўрт йилда 46 минг 980 хонадондан иборат 1 минг 103 та кўп қаватли арзон уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Хусусан, жорий йилда 4 минг 256 квартирали кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Бу қанчалаб оилаларнинг орзу-ҳаваслари ушалади, дегани.

Хоразм вилоятида ҳам кам таъминланган оилаларга мўлжалланган турар жойлар қурилиши тегишли режа ва дастурлар асосида амалга оширилмоқда. 2020-2021 йилларда вилоятда 300 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Жорий йилда 84 квартирали 2 та кўп қаватли уй ўз эгаларига топширилди.

Айни пайтда Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида 216 хонадондан иборат 4 та 9 қаватли уйнинг қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Илгари ташландиқ бўлган бу жойда қисқа вақтда – тўрт ойда янги иморатлар қад ростлади. Қурилиш ишлари якунланса кейинги тўрт йилда Хоразм вилояти бўйича қурилган кўп қаватли уйлар 31 тага, улардаги хонадонлар сони 1 минг 617 тага етади. Мана шу рақамнинг ўзи вилоятда биргина соҳада амалга оширилган улкан ўзгаришларга яққол мисол.

Уйларни салоҳиятли қурилиш-пудрат ташкилотлари бунёд этмоқда. Хусусан, уйлардан бирини қураётган “Шиддат монолит” хусусий корхонасининг ишлари ҳам диққатга сазовор. Корхона раҳбари Темур Норбоевнинг таъкидлашича, хонадонлар тайёр ҳолда, ҳамма шарт-шароитлари билан бирга топширилади. Қулай томони, ушбу уйларни 7 фоизлик имтиёзли ипотека кредити асосида, 20 йилда тўлаш шарти билан олиш мумкин.

Мазкур уйлар монолит усулда, энергиятежамкор қурилиш материалларидан бунёд этилмоқда. Ташқи қисми базальт қатлам билан қопланган, бу хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.

Баҳорда аҳоли мазкур уйларга кўчиб кириб, ҳудуд замонавий мавзега айланади.

Давлатимиз раҳбари уйнинг шоурумини кириб кўрди. Мебеллар, муҳандислик тармоқларининг сифатига эътибор қаратди. Кўп қаватли уйларга малакали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.

– Кўп қаватли уйларни бошқаришни яхшилаш керак. Иситиш, канализация билан бирга ёнғин хавфсизлигини ҳам таъминлаш лозим. Илгари бу масалага эътибор қаратилмаган. Аммо бугунги талаб, шарт-шароитдан келиб чиқиб янги мавзеларни қуришда бу масалалар инобатга олиниши шарт, – деди Президент.

Шу ерда Хоразмда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари, хусусан, Урганч шаҳрида янги уйлар, «Binary» халқаро университети учун янги бино барпо этиш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, кўприк қуриш, коммунал хизматларни яхшилаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Аҳмаджон ШОКИРОВ,

ЎзА мухбирлари