Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Тўрткўл туманининг ўсиш нуқталари ҳисобланган ишлаб чиқариш корхоналарининг, тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти ҳамда ёш авлоднинг таълим-тарбияси борасида амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари, матбуот котиблари, журналист ва блогерлар учун медиатур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб SMARTUM академияси “NIHOL” инновацион ўқув марказида бўлди. Ўқув маркази филиалида болаларга ўргатилаётган “Ментал арифметикаси” ўқитиш жараёни билан танишилди.

Бундан сўнг “Кўна Тўрткўл” овули ҳудудида жойлашган “SUPER BALIQLAR” фермер хўжалигининг балиқ етиштириш фаолияти билан танишдилар. Тадбиркор бу ерда ўрнатилган янги технологияларнинг афзалликлари тўғрисида маълумот берди.

Кейинги манзил тумандаги “Ўзбекистон” овул фуқаролари йиғини ҳудудида жойлашган Давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган «Бек» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Ташкилотда яратилган шарт–шароитлардан болажонлар хурсанд, овул аҳолиси миннатдор.

Тадбир иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида “TO’RTKO’L KUNJUTI” масъулияти чекланган жамиятининг кунжутни қайта ишлаш корхонасига ташриф буюрдилар. Ушбу жамият қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилиш ва улгуржи, чакана савдо фаолияти билан шуғулланади. 2015 йилда кунжут қобиғини тозалаш ускуналари келтирилди.

Бугунги кунда қайта ишлов берилган кунжут ички бозор билан бир қаторда Туркия, Ироқ, Шотландия, Озарбайжон, Иордания, Қирғизистон, Афғонистон ва Россия Федерацияларига ҳам экспорт қилинмоқда.

Меҳмонлар жамиятга қарашли иссиқхонада ҳам бўлди. Бугун туманнинг драйвер соҳаси ҳисобланган замонавий гидропоника услубида ишланган иссиқхонада 25 нафар ёш доимий, 25 нафари эса мавсумий иш билан таъминланган.

Бугунги кунда жамият томонидан яна 1 гектар ерда замонавий гидропоника услубидаги иссиқхона ускуналари ва 500 тонна сиғимдаги совутгич келтириб ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Жамият томонидан 66 тонна картошка келтирилиб, 64 тоннаси бозорда арзон баҳода сотилган бўлса, 2 тоннаси эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.

Иштирокчилар «TO’RTKO’L SHISHA IDISHLARI» масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Ушбу жамиятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 февралдаги «2017-2018 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ва уларни сақлаш учун қувватларни барпо этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида йиллик қуввати 13 минг 200 тонна озиқ-овқат ва фармацевтика шиша қадоқлаш маҳсулотлари (стеклотара) ишлаб чиқариш учун Хитой Халқ Республикасидан жами 4 миллион 401 минг АҚШ доллари миқдоридаги энг замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилган ва жами 6 миллион 361 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Корхона “Нукус” эркин иқтисодий зонаси аъзоси ҳисобланади.

Бунинг натижасида корхонада 2019 йилда 200 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозор билан бирга Россия Федерацияси, Туркманистон, Грузия, Қирғизистон давлатларидаги ҳамкорлар билан қарийиб 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги битимлар тузилган ва маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.

Юқори сифатли маҳсулотларни локализация қилиш орқали импорт ўрнини босувчи махсулотларни республикамизда ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, валюта тушумларини ошириш маҳсулотларни ишлаб чиқаришда маҳаллий хом ашёлардан самарали фойдаланиш давлатимизнинг энг устивор вазифаларидан бири ҳисобланади. Корхонада 2021 йилда қўшимча равишда флоат ойнаси ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, қўшимча 33 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган. Бунда яна 200 та иш ўрни яратилиши орқали ёшларни иш билан таъминлаш мақсад қилинган.

Меҳмонлар туманда 2018 йилда иш фаолиятини бошлаган “CRISTALL MEGA STAR” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди. Жамият томонидан “Primero”, «Impex», «Tilda», «Uni Wash», “Arsel”, “Nasim”, “Berkut“ брендлари асосида 7 хил турдаги сифатли кир ювиш кукуни ишлаб чиқарилмоқда. Корхона маҳсулотлари билан ички бозор талабини қондирибгина қолмай, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Маданият саройида ташкил қилинган туман ҳунармандлар уюшмаси аъзоларининг қўл меҳнатлари ҳам иштирокчиларнинг эътиборини тортди. Кулолчилик санъати буюмлари, миллий дўппилар ҳамда бисер нақшлари билан ҳозирги урфда тикилган ҳар хил ўлчамдаги бежирим рўмоллар, бош кийимлари ва шарфлар тикаётган уста-ҳунармандларнинг меҳнатлари алоҳида эътирофга лойиқдир. О.Худойшукуров номидаги Маданият саройида ташкил қилинган музейда меҳмонлар бетакрор овоз соҳибининг ҳаёти ва ижодидан фото лавҳалар ва экспонатлар билан танишди.

Тадбир якунида тумандаги тўртта сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Унда Қорақалпоғистон Республикасини, шу жумладан туманни 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, муаммолар ҳамда келгусидаги режалар бўйича батафсил маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА