Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 30 ноябрь куни ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Жамоат транспорти – одамларнинг узоғини яқин қиладиган, аҳоли кайфиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган восита. Ўтган 10 ойда Халқ қабулхоналарига ушбу масалада 3 мингдан зиёд мурожаат бўлгани ҳам соҳада камчиликлар кўплигини кўрсатади.

23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини бошқариш ва инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси кўриб чиқилган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари бу янги тизимни бошқа шаҳарларда ҳам йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берганди. Транспорт вазирлиги ва ҳокимликлар томонидан шу борадаги имкониятлар ўрганилиб, таклифлар тайёрланди.

Йиғилишда ушбу таклифлар ҳар бир ҳудуддаги биттадан туман ва шаҳар мисолида муҳокама қилинди.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан бор-йўғи 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бундан ҳам паст. 1 минг 200 та қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмаган.

Президентимиз қишлоқдан туман марказигача ҳамда у ердан вилоят марказигача бўлган транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва  сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади.

– Одамлар учун шаҳар, туман ва қишлоқлар орасида транспортни қулай, хавфсиз ва осон қилиш лозим. Бу хизматлардан халқ рози бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Масалан, бунинг учун йўловчи ташиш харажатларининг бир қисмини босиб ўтилган масофа ва йўловчи сонидан келиб чиқиб субсидиялаш мумкин. Шу боис Молия вазирлиги ва Транспорт вазирлигига туманлар ичида йўловчи ташувчи корхоналар харажатларининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир ҳудуддаги биттадан туманда ушбу янги тизим тажрибадан ўтказилиб, жорий этилади.

Туманлардан вилоят марказларига қатновчи автобуслар эскиргани, айримлари хизмат муддатидан ортиқ фойдаланилаётгани кўрсатиб ўтилди. Автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Андижонда 15 тага ҳам етмайди. Транспорт паркини янгилаш учун келгуси йилда қўшимча 800 та автобусга эҳтиёж мавжуд.

Юртимизда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори экани, шу боис маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автобус ва микроавтобуслар нархини тушириш муҳимлиги таъкидланди.

Йўловчи ташувчи корхоналар автобус харид қилиш учун оладиган кредитлар фоизининг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисмини қоплаш ва уларга кафиллик бериш тартибини жорий қилиш топшириғи берилди.

Самарқанд юртимиздаги энг катта шаҳарлардан бири, унга сайёҳлар ҳам кўп келади. Шу боис Президентимиз бу ерда жамоат транспорти йўналишларини оптималлаштириш заруратига алоҳида эътибор қаратган эди.

Вилоят ҳокимлиги ва мутасадди вазирликларга Самарқанд шаҳрида қулай транспорт тизимини яратиш бўйича Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Унда йирик чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, алоҳида йўлакли автобуслар ҳаракатини ташкил этиш, кўп ўринли автобуслар қўйиш ва интервалларини қисқартириш чоралари белгиланади. Шунингдек, мамлакатимиздаги 30 та шаҳар бўйича шундай бош режалар ишлаб чиқилади.

Транспорт университети фаолиятини соҳадаги ислоҳотлар билан узвий боғлаш, профессор-ўқитувчи ва талабаларни бу жараёнга кенг жалб этиш бўйича кўрсатма берилди.

– Транспорт-логистика масалаларига кўп йиллар илм билан ёндашилмади. Замонавий кадрларнинг етишмаслиги бу соҳадаги энг оғриқли муаммо, – деди Президент.

Аҳоли талабидан келиб чиқиб, янги йўналишлар очиш, мавжудларини қайта кўриб чиқиш, автобус бекатларини реконструкция қилиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу борадаги чора-тадбирлар ижроси жойларга чиққан ҳолда ўрганиб борилиши, халқ депутатлари кенгашларида ҳар уч ойда транспорт тизими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар қўйилиши белгиланди. Соҳага оид қонунларнинг бугунги кун талабига жавоб бермайдиганларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар ва бошқа мутасаддилар ахборот берди.

ЎзА