Нукусда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси П.Дабилов жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахборот берди.
Таъкидланганидек, қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 март кунги мажлис баёни ижросини таъминлаш юзасидан жорий йилнинг апрель, май ойларида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан географик объект номлари тўлиғи билан қайта хатловдан ўтказилди.
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссияси мажлисида Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари комиссиялари томонидан қайта хатловдан ўтказилган шаҳарча, қишлоқ, овул, аҳоли пункти, маҳалла ва кўчаларнинг номлари бўйича берган таклифлари муҳокама қилинди. “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига жавоб бермайдиган номлар ўзгартирилди ва қайта номлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Республика комиссиясининг мажлис баёни тасдиқланди ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг тегишли қарорлари билан тасдиқлаш учун туман ва шаҳар ҳокимликларига тақдим этилди.
Ташқи ёзувларни тартибга келтириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 16 март куни чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режада белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ташкилотлар, идоралар ҳамда муассасаларда, шунингдек, уларнинг ҳудудида ўрнатилган ташқи ёзувлар, пешлавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликларида мутасадди ташкилотлар ходимлари ва мутахассислардан иборат доимий иш олиб борувчи жами 18 та ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан шаҳар ва туманларда бу борада олиб борилаётган ишлар бўйича мониторинг ўтказилиб, ўрин олган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Давлат тилини улуғловчи тасвирий тарғибот материаллари тайёрланиб, катта йўл бўйларига ва марказий кўчаларга ўрнатилди. Жумладан, апрель, май, июнь ойларида туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан жами 17 та баннер ўрнатилган бўлса, 21-25 сентябрь кунлари барча туман (шаҳар)ларнинг марказий кўчаларига 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами” куни муносабати билан Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан тайёрланган жами 57 та ташқи тарғибот воситаси ўрнатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20-30 апрель кунлари умумий ўрта таълим мактабларининг 9-10-11-синф ўқувчилари ўртасида «Она тилим-ғурурим» мавзусида Республика онлайн-иншолар танлови ўтказилди. Жорий йил 9 ой давомида туман ва шаҳар ҳокимликлари маслаҳатчилари ташаббуси билан жами 38 та танлов ўтказилиб, уларда 3264 нафар ўқувчи-ёш иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказнинг Қорақалпоғистон бўйича ҳудудий бўлинмаси Қорақалпоқ давлат университети ҳузурида 2020 йил 2 сентябрдан ўз фаолиятини бошлади.
Ўтган 4 йил билан таққослаганда, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлари талабларига риоя этиш борасидаги ишлар бир тизимга солинишига эришилди.
Ушбу соҳадаги муаммоларни ижобий ҳал қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, давлат тилининг мавқеини халқаро майдонларда кўтариш юзасидан ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда давлат тилига бўлган ишларнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўрсатади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев иштирок этди ва келгусидаги вазифаларга тўхталди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА