Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигида 19 ноябрь куни Россия Федерациясининг Приморье ўлкаси ҳукумати раиси ўринбосари Михаил Петров бошчилигидаги қурилиш соҳаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда қурилиш соҳасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистон қурилиш компанияларининг Приморье ўлкасида ижтимоий муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун ушбу ҳудуд бозорига кириши масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида қурилиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун муҳим. Мамлакатимизда қурилиш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар буни тақозо этади.
Мазкур соҳани замон талабларига мос равишда ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шаҳарсозликни янада такомиллаштириш масалалари Президентимизнинг доимий эътиборида. Давлатимиз томонидан маҳаллий қурилиш компанияларининг ташқи бозорга чиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиётганининг боиси ҳам шунда.
Учрашувда қурилиш хизматлари экспортини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди. Приморье ўлкаси билан келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон қурилиш компанияларининг Приморье ўлкасида қурилиш объектларини бунёд этишда иштирок этиши билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш учун яна музокаралар ўтказиш ҳамда ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди.
Россия томони мавжуд лойиҳалар, Ўзбекистон қурилиш компанияларининг фаолиятини амалга ошириш тартиб-қоидалари бўйича батафсил маълумот беришга тайёр эканини билдирди.