Қорақалпоқ Давлат ёш томошабинлар театрида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон давлат иқтисодиёт университети ректори Қ.Шарипов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти М.Абдуқундузов ва бошқа сўзга чиққанларнинг таъкидлаганидек, “Ватанни севмоқ – иймондандир” бош ғояси билан ўтказилаётган маънавий-маърифий, маданий тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, энг асосийси уларнинг кайфиятини кўтаришдан иборатдир.

Бу борада Оролбўйида 35 та тарғибот гуруҳи шакллантирилиб, улар 416 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини ҳудудида бўлди. Мазкур учрашувларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни кенг жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказилмоқда.

Тарғибот тадбирларида биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни, уюшмаган ёшларни, эҳтиёжманд хотин-қизларни, кекса авлод вакилларини, маънавий кўмакка муҳтож оилаларни жалб этилмоқда.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан маҳалла раислари билан ҳамкорликда жойларда таниқли сиёсатчи ва олимлар, машҳур санаъткорлар, шоир ва ёзувчилар, спортчиларнинг иштироки таъминланмоқда.

Тарғиботчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳамюртларимизда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан ўтказилаётган маданий-маърифий кеча йиғилганларда илиқ таассурот қолдирмоқда.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА