3 ноябрь — АҚШда президентлик учун овоз берилади. Республикачи Доналд Трамп қайта сайланишига ишонади. 
Унинг кимлиги ва шу кунгача давлатни қандай бошқариб келаётгани қизғин муҳокамада. Оммавий сўровларда респондентларнинг аксарияти демократ номзодга овоз бермоқчи эканини айтмоқда.
74 ёшдаги Трамп тарафдорлар назарида, сиёсий майдонни буткул ўзгартира олди, чегараларни маҳкамлади ва Америка орзусини янгилади.
«Президентлик учун курашаётганлар ҳозиргидек мутлақ бошқача одамлар бўлмаган. Мен қонун ва тартиб тарафдориман. Рақибим буни хоҳламайди. Америкага фақат қонунан киришни йўлга қўйяпман», дейди Трамп.
Демократлар назарида эса Трамп президентликка умуман лойиқ эмас.
“Шу даражада лойиқ эмаски, хавфли. На мамлакатимизни бошқара олаяпти, на дунёда етакчилик қила олаяпти», дейди демократ номзод Жо Байден.
Трамп бутун умр тадбиркорлик қилиб келаётган одам. Телеюлдуз. 2015 йилда Оқ уй учун ҳаракат бошлаганида кўпчилик ютқазади, деб ўйлаган эди. Бироқ у сайловда демократ Ҳиллари Клинтондан устун келди. Миллионлаб америкаликларнинг кўнглига йўл топа олди.
«Трампнинг тарафдорлари ишчилар. Олий маълумотлилар эмас. Меҳнаткашлар қатлами унга эргашди ва содиқ», дейди сиёсатшунос Ларри Сабато.
Трамп 2016 йилда президентликка сайланиш учун ноқонуний усулларни ишга солди деган айблов билан импичмент жараёнини бошдан кечирди. Конгресс кенг қамровли текширув олиб борди. Вакиллар палатаси уни импич қилди. Бироқ Сенат Трамп қонунни бузмаган дея хулоса қилди. Трамп учун улкан ғалаба бўлди. Кейин эса пандемия келди.
Коронавирусга бошида жиддий қарамаган президент унинг қанчалик хавфли эканини тан ола бошлади.
Касаллар ва ўлим ҳоллари кўпаяр экан, Трампнинг рейтинги тушгандан-тушди.
Пандемия вазиятни қийинлаштиргани етмагандек, ирқчиликка қарши намойишлар ҳам авж олди. Иқтисодий ва ижтимоий адолатсизликдан нолиб, минглаб америкаликлар мамлакат бўйлаб кўчага чиқди. Трамп ҳарбийларни сафарбар этди.
«Коронавирус эски яраларни ёпа олмади, аксинча, жамиятимизни ҳаракатга ундади», дейди сиёсий таҳлилчи Шерри Бебич Жефф.
Байден сайловолди рейтингларида олдинда, лекин Трамп тарафдорлари ундан узоқлашмаяпти.
«Умуман олганда, республикачилар нима хоҳлаган бўлса, шунга эришишди. Солиқлар камайди. Олий судга консерваторлар тайинланди. Иммиграция чекланди», дея таҳлил қилади эксперт Барбара Перри.
Пандемия АҚШ иқтисодиётига улкан зарар келтирди. Ёрдамга қарамай, бутун тизим мисли кўрилмаган даражада сустлашди.
photo_2020-11-03_15-47-41.jpg
photo_2020-11-03_15-47-42.jpg
Навбаҳор ИМОМОВА, журналист – «Америка овози»

 

ЎзА