Умидли спортчилар маскани

Нукус шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган дзюдо, бадиий гимнастика, енгил ва оғир атлетика, таэквандо WTF, эркин кураш, каратэ-до, мини футбол, волейбол, ўзбек жанг санъати каби 18 тўгаракда 1 минг 450 нафар ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Жорий йилда спорт мактабининг 25 нафар иқтидорли тарбияланувчиси Ўзбекистон терма жамоаси таркибига қабул қилинди. Шунингдек, маскан ёшлари халқаро турнир, мамлакат чемпионати мусобақаларида 4 та олтин, 8 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикаси биринчилиги мусобақаларида эса 244 нафар тарбияланувчи совринли ўринларга сазовор бўлди. Мусобақаларда қўлга киритилган медалларнинг 47 таси мактабнинг дзюдо тўгараги тарбияланувчилари ҳисобига тўғри келди.
Айни пайтда дзюдо тўгарагида 110 нафар ёш спортчи Борлиқбой Жиемуратов, Низматдин Хўжабоев, Аноргул Утеева, Омангул Алланазарова, Комил Алланазаров каби тажрибали мураббийлар қўл остида маҳорат оширмоқда.
–Дзюдо билан шуғулланаётганимга унча кўп вақт бўлгани йўқ, – дейди Оксана Турғунбоева. – Шунга қарамай, мураббийларимнинг самарали машғулотлари самараси Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган бир қанча мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлдим. Келгусида Осиё ва жаҳон чемпионати мусобақалари ҳамда Олимпия ўйинларида иштирок этиб, юртимиз шарафини юксакларга кўтаришни мақсад қилганман.
photo_2020-10-20_11-38-14.jpg
photo_2020-10-20_11-38-16.jpg
photo_2020-10-20_11-38-17.jpg
photo_2020-10-20_11-38-18.jpg

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА