Шавкат Мирзиёев: Қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак

Давлатнинг давлатлиги, халқнинг халқлиги қийин пайтларда билинади. Афсуски, 2020 йил жуда оғир келди. Коронавирус балоси, у келтирган ижтимоий-иқтисодий инқироз етмаганидек, бир ҳафта ичида Бухоро ва Сирдарё вилоятларида табиий-техноген офатлар рўй берди.

Президент Шавкат Мирзиёев иккала жойга ҳам зудлик билан етиб бориб, вазиятни ўз назоратига олган эди. “Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган эди Президент ўшанда.

Шундай ҳам бўлди. Аввало, энг катта оғирликни давлатимиз раҳбари ўз елкасига олди. Талафот оқибатларини бартараф этиб, ҳаётни тиклаш ишларига бош-қош бўлди. Бу эса жабрдийдаларга кучли далда, мадад бўлди. Бутун халқимиз бирлашди. Кимдир маблағи, кимдир меҳнати билан ёрдамга келди.

Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Давлатимиз раҳбари ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди.

Шу мақсадда учта ҳудуд танланиб, 50 гектар майдонда 86 та 5 қаватли уй-жой барпо этилди. Хусусан, Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40 та ҳамда Оқолтин тумани “Навбаҳор” маҳалласида 9 та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 минг 640 хонадон бор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 13 октябрь куни яна Сирдарё вилоятига келди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласига ташриф буюрди.

– Сув тошқини жуда катта талафот бўлди. Ҳам фожиа оқибатларини бартараф этиш, ҳам қисқа муддатда одамларни рози қилишимиз керак эди. Бунга унча-мунча давлатнинг дош бериши ўзи бўлмайди. Ҳар бир одам билан гаплашдик. Вазирликлар, ҳудудларни жалб қилиб, тезкор иш ташкил этилди. Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала – одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ йўқ эди. Энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Яна бир муҳим томони – янги уй эгаларининг аввалги ҳовлилари ҳам ўзларида қолди.

Давлатимиз раҳбари ўша қийин кунларда бутун халқимиз жипслашиб ҳаракат қилганига катта эътибор қаратди.

– Бутун мамлакатимиздан мутахассислар келди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятнинг ўз кўчаси бор. Қудратимиз борлигига, бирлашсак, меҳрли бўлсак, кўп ишларни амалга оширишимизга ҳамма инонди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Кўп қаватли уйлар шинам, ҳовлилари обод. Бу маҳалла «Янги Ўзбекистон» деб номланган.

– «Янги Ўзбекистон» дейилганида ҳам маъно бор. Агар халқимизга маъқул бўлса, бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қурамиз. Ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этамиз. Умуман олганда, қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак, – деди Президент.

Янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.

Турар жойларни эксплуатация қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

ЎзА