Туркманистонда икки палатали парламент ташкил этилади

Туркманистон Халқ Маслаҳати жума куни «Туркманистон Конституциясига тузатиш ва тўлдириш киритилиши тўғрисида» қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади. Ушбу қонун лойиҳаси мамлакатда икки палатали парламент ташкил этилишини назарда тутади, деб хабар беради Туркманистон давлат хабарлари агентлиги.
Мамлакатнинг олий вакиллик органи бўлган Халқ Маслаҳати мажлиси, минтақада ҳамда дунёда мураккаб эпидемиологик вазият юзага келгани боис илк бор масофадан ўтказилди.
Мажлисга Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган.
«Биз ушбу қонуннинг қабул қилинишини мамлакатимизни демократлаштириш сари ташланган яна бир қадам бўлади, деб ҳисоблаймиз. Ишончим комилки, Туркманистон Миллий Кенгаши умуммиллий вакиллик органига айланади ва халқимизни бирлаштириб юксак марраларга илҳомлантиради», – дея таъкидлади президент.
Маъқулланган Конституция қонуни лойиҳасига кўра, Туркманистоннинг янги икки палатали парламенти Милли Генгеш (Миллий Кенгаш), деб аталади.
Хабарда айтилишича, ҳужжат 2021 йил 1 январдан кучга киради.

 

ЎзА