Ўзбекистон - Туркманистон сиёсий маслаҳатлашуви тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув навбатдаги раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Делегацияларга мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилик қилди.
Музокара чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, сув хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва алоқаларни ривожланиш истиқболи атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, икки мамлакат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва қўллаб-қувватлаши натижасида Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, изчил ўсиб борувчи хусусият касб этган.
photo_2020-09-21_22-10-10.jpg
Ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган олий даражадаги келишувлар бажарилишини таҳлил қилдилар. Қўшма тадбирларни ўтказиш муддати, жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишининг навбатдаги раунди, Ўзбекистон – Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш муддати тўғрисидаги таклифлар кўриб чиқилди.
Транспорт, транспорт-коммуникацияси ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Ҳар икки томон «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон» халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканини маълум қилди.
Музокара чоғида кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор берилиб, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг икки томонлама ҳамкорликка таъсирини камайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр алмашилди.

 

ЎзА