Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган, ҳаёт сифатини кўрсатадиган муҳим ижтимоий хизмат ҳисобланади.
Мамлакатимизда бугунги кунда кунига 10 миллион нафардан ортиқ йўловчи жамоат транспортидан фойдаланади. Жамоат транспорти ривожланиши нафақат шаҳардаги тирбандликларни бартараф этиш, балки атмосфера ҳавосига заҳарли газлар чиқишини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда барча тармоқлар қатори жамоат транспорти, шу жумладан, Тошкент метрополитени тизимида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизматининг маълум қилишича, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида янги метро бекатлари бунёд этилди.
Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида сўнгги 4-5 йил давомида босқичма-босқич равишда 32 та янги ҳаракат таркиби харид қилинди. 2021 йилгача 36 та поезд ҳаракатланган бўлса, сўнгги 3 йил давомида замонавий турдаги 32 та янги ҳаракат таркиби харид қилиниб, поездларнинг умумий сони 68 тага етказилди. 2025 йил январь-февраль ойларида яна 9 та ҳаракат таркиби харид қилиниши кўзда тутилган эди.
Жорий йил бошида янги вагонлар олиб келинди. Ушбу ҳаракат таркиблари йўналишга чиқарилиши учун керакли техник ишлар амалга оширилди ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда харид қилинаётган бу турдаги ҳаракат таркиблари эски турдагисидан тубдан фарқ қилади. Яъни, салон кенглиги, шинам ва ёруғлиги, ҳаракат вақтида шовқинсизлиги, куннинг совуқ кунларида иситиш тизими, иссиқ кунларда махсус совутиш тизимига эга экани билан ажралиб туради.
Бундан ташқари “Халқлар дўстлиги” ҳамда “Новза” бекатларида техник жиҳатдан эскирган эскалаторларни янгисига алмаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилиб, ҳозирда йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда ва мазкур жараён “Пахтакор”, “Мустақиллик майдони” ва “Ҳамид Олимжон” бекатларида ҳам бажарилмоқда. Йўналишларда ҳам белгиланган вақт интерваллари сезиларли даражада қисқартирилди.
Метрополитен тизимида амалга оширилаётган бу каби ишлар ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Айтиш мумкинки, бундан 4-5 йил илгари метродан фойдаланган йўловчилар сони бир кунда 220-250 мингни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 1 миллиондан зиёдни ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА