Буюк алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини ўрганиш ҳамда маданий ёдгорликларни тадқиқ қилиш борасида фаол ишлар амалга оширилмоқда. Хорижий мамлакатларда сақланаётган маданий, илмий бойликларимизни юртимизга олиб келиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.
Яқинда Малайзияда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовга мамлакатимиз маданий меросига оид тарихий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари топширилди. Булар Абу Райҳон Берунийнинг «Ат-Тафҳим» ва Абулқосим Фирдавсийнинг Темурийлар даврида кўчирилган «Шоҳнома» асарларидир. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази хабар берди.
Мазкур қўлёзмалар Ислом цивилизацияси марказининг тарихий экспозициясида намойиш этилиши кутилмоқда.
Абу Райҳон Беруний ўз асарлари ва илмий кашфиётлари билан дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг 1197 йилда кўчирилган «Ат-Тафҳим» асари жаҳон илм-фанида муҳим манба сифатида эътироф этилган.
Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си эса XV асрда Темурийлар даври китобат санъати анъаналари асосида кўчирилган. Асарда Камолиддин Беҳзод миниатюра мактабига хос унсурлар аниқланган.
Маданий меросимиз дурдоналарининг юртимизга олиб келиниши ва экспозицияларда намойиш этилиши уларни келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА