Мардлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз курашни оммалаштириш, ривожлантириш, дунёга кенг танитиш орқали умумжаҳон дурдонасига айлантириш Ўзбекистон спортининг устувор вазифаларидан бири саналади. Курашни спорт тури сифатида халқаро майдонда янада оммалаштириш, унинг нуфузини янада оширишда ҳар жиҳатдан салоҳиятли мутахассислар, мураббийлар ва ҳакамларга бўлган эҳтиёж юқорилиги кундек равшан.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йилнинг декабрь ойида имзоланган «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтириб ўтилганидек, курашнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва хорижий мамлакатларда янада кенг тарғиб қилишда Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятини янада кенгайтириш муҳим омил саналади.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда мазкур институт фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, қамровини кенгайтириш, унинг халқаро майдондаги мавқеини янада ёрқин ифода этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, ҳар қандай ташкилотнинг юзи бу уни кенг жамоатчиликка танитадиган, бошқа турдош даргоҳлардан ажратиб турадиган рамзи ҳисобланади. Бугунги кунда Халқаро олимпия қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёки Осиё олимпия кенгаши, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги каби ўнлаб ташкилотларнинг ўз рамзи борки, кўпчилик ўша логоси орқали уларни танийди, эътироф этади. Айни жиҳатлардан келиб чиқиб, юқоридаги ҳужжатда келтирилган вазифаларни тўлақонли ифода этиш мақсадида Халқаро кураш институти 2025 йилдан эътиборан янги рамзда иш бошлаганини эълон қилди.

– Рамз ташкилотнинг юзи ҳисобланади. Бугунгача Халқаро кураш институти ўз тарихи давомида уч марта корпоратив идентификаторини ўзгартирди. Бугунги ўзгаришга келадиган бўлсак, курашнинг дунёда илмий ривожида, маҳоратли кураш мутахассисларни тайёрлашда инновацион юксалишга таяниш асносида қадриятларга содиқлик муҳим омил саналади. Айни жиҳатлар институтнинг янги рамзида ўз аксини топди, – дейди институт ректори Х.Тожиев.

Халқаро кураш институтнинг ушбу логотипи 2024 йил 4 декабрь куни Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида ўтган Кураш халқаро ассоциациясининг конгрессида ижроия қўмита аъзолари томонидан маъқулланганди.

Т.Рўзиев, ЎзА