Хитойда метапневмовирус тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият ўтган ҳафтадан бошлаб хавотирларга сабаб бўлиб келаётганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу ҳолат юзасидан ўз баёнотини эълон қилди. Унда қайд этилишича, Хитой шифохоналари беморлар билан тўлгани ҳақидаги хабарлар асоссиз. Буни мамлакат расмийлари ҳам тасдиқлади.

Қолаверса, ЖССТга бу давлатда ноодатий касалликларнинг эпидемиологик кўтарилиши юзасидан ҳеч қандай хабар келиб тушмаган. Ҳудудда қайд этилаётган метапневмовирус билан боғлиқ ҳозирги ҳолат эса мавсумий меъёрда.

“Ҳеч қандай фавқулодда ҳолатлар кузатилмаган. Рўйхатга олинаётган ўткир респиратор вирусли инфекциялар, шу жумладан, метапневмовирус даражаси қиш мавсуми учун кутилган чегарадан ошгани йўқ”, – дейилади ЖССТ баёнотида.

Умуман, айни пайтда ташкилот дунё бўйлаб нафас йўллари касалликлари динамикасини диққат билан кузатишда давом этмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билдирган расмий муносабатда ҳам метапневмовирус аввалдан маълум инфекция экани, мазкур вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида ҳар йили қайд этилиши, куз-қиш даврида янада фаоллашуви кузатилиши, ушбу вирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетиши таъкидланганди.

Қўмита бошқарма бошлиғи Рустам Икромовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Юртимизда уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келиняпти ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.

Дарвоқе, ушбу касалликдан ҳимояланиш учун профилактика ва гигиена қоидаларига риоя қилиш, одамлар гавжум жойларга бормаслик, айниқса, ёш болаларни олиб юришни чеклаш, касаллик белгилари пайдо бўлган оила аъзоларини алоҳида сақлаб, шифокор кўрсатмасига асосан даволаниш тавсия этилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА